Жаҳон банки қашшоқликда кун кечирадиган аҳоли ҳудудларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш зарурлигини, шунингдек, бу ҳудудларда қўшимча иш ўринлари ташкил этиш кераклигини тавсия қилди.
Ташкилотнинг 89та мамлакат бўйича ўтказган тадқиқот хулосалари айни вақтда болаларнинг катталарга нисбатан икки карра кўп қашшоқликда яшаётганлигини кўрсатди. 2013 йил ҳолатига кўра, ривожланаётган мамлакатларнинг 19,5 фоиз вояга етмаган болалари кунига 1,9 доллар эвазига кун кечиришга мажбур бўлган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич билан кун кечирган катталарнинг сони аҳолининг 9,2 фоизини ташкил этади.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, хозирги кунда, айниқса, ривожланаётган давлатларда яшовчи 5 ёшгача бўлган болалар етишмовчиликдан азият чекмоқда. Улардан тахминан ҳар бешинчи нафари жуда оғир шароитда кун кечирмоқда. Бу эса уларнинг нафақат келажагига катта тўсиқ бўлади, балки уларнинг жамиятда камол топишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.