Орадан 12 йил ўтиб хонанда Озода Нурсаидова жонли ижродаги концерт дастурини тақдим этмоқда.
12 йилдирки, хонанда ТВдан йироқда, унинг қўшиқлари Ўзбекистондаги телеканалларда намойиш этилмайди. Хонанда норасмий тақиққа учраганди. Айрим ҳолларда радиотўлқинлар орқали Озоданинг қўшиқлари қулоққа чалинади, оммабоп газеталарда интервьюлари чоп этилади. Бироқ ТВ орқали кўринишдан дарак йўқ.
Хонанда бу орада иккита мусиқий альбомини тингловчиларга тақдим этди.
2016 йилда Озоданинг бирдан озиб кетиши, жарроҳлик амалиёти орқали ташқи қиёфасини ўзгартириши одамлар эътиборини тортган эди.
Яқинда хонанда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбек миллий таомлари ресторанининг иккинчи қаватдаги балконидан туриб, ресторан эшиги атрофига йиғилганлар учун кичик концерт берган эди. Навбатдаги концерт эса катта санъат саройида ўтказилиши режалаштирилган.
Хонанда Озода Нурсаидова жорий йилнинг 1 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида 60 кишилик оркестр билан жонли ижродаги концерт дастурини тақдим этади. Туркиядаги мазкур концерт Озодага нисбатан Ўзбекистондаги муносабатни ҳам ўзгартирса, ажаб эмас.