...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ёнғин содир бўлганда нималар қилиш кераклигини биласизми?


17:49, 07.10.2017 Бу қизиқ
 3 595

Тўғри, даставвал махсус хизматга қўнғироқ қилиш лозим! Бироқ энг тезкор ўт ўчириш хизмати ҳам ўша оннинг ўзидаёқ ҳозиру нозир бўла олмайди. Маълум бир вақт керак...

Ўзингизга маълум, республика миқёсида куз-қиш мавсумига ўтиш жараёни жадал суръатларда олиб борилмоқда.
 
Жумладан иссиқлик таъминоти ва унинг тармоқларида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, бундан ташқари, кўча ва хиёбонлардаги барг-хазон ҳамда ёзги қурилиш мавсумидан қолган уюмлар шаҳар ташқарисидаги махсус жойларга олиб чиқилмоқда.
 
Бундай тадбирларнинг яна бир аҳамиятли томони борки, у ҳам бўлса мавсум олдидан ёнғин хавфсизлиги чораларининг кучайтирилиши билан боғлиқ...
 
Шаҳар аҳолисининг аксарияти кўп қаватли уйларда истиқомат қилишади. Бунинг ўзига яраша қулайликлари ва, шу билан бирга, бир қатор ноқулайликлари ҳам бор.
 
Масалан: кир ёйиш... Балконга ёйсангиз, тепадаги қўшнилардан, умумий ҳовлидаги дорга ёйсангиз, копток тепган “тўполончилардан” азият чекасиз...
 
Кўпчилик кир­чирларини ошхонага, газ плитасининг ёнига илиб қуритади. Бу эса, ўз навбатида, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид!
 
Шу тариқа ювиб­чайилган шолча ва гиламлар умумий зинапояли йўлак — подъезда қуритилиши ҳаммамизга маълум.
 
Фараз қилинг: чекувчиларнинг эътиборсизлиги туфайли кечаси подъездда ўт чиқди...
 
Аччиқ тутунни туйган қўшнилар ўйғонишди­ю, лекин эшик ёнига (ҳозирда кўпчилик хонадонларнинг эшиги темирдан) яқинлашолмадилар: олов тафтидан қизиган темир эшикни очиш у ёқда турсин, тегиниб бўлмайди, ёғоч бўлса унданда хавфли — олов ичкарига ўралаётган бўлади.
 
Табиийки, миянгизга келган биринчи фикр — “101”га қўнғироқ қилиш!
 
Тўғри, даставвал махсус хизматга қўнғироқ қилиш лозим!
 
Бироқ энг тезкор ўт ўчириш хизмати ҳам ўша оннинг ўзидаёқ ҳозиру нозир бўла олмайди. Маълум бир вақт керак...
 
Хўш, бундай вазиятларда нима қилиш керак? Келинг, шу ҳақдаги айрим тавсиялар билан ўртоқлашамиз.
 
Уйдан ўт чиққанда:
 
  • зудлик билан “101” рақамига қўнғироқ қилиб, ўт ўчирувчилар, яъни ёнғин хавфсизлиги хизматини ёрдамга чақиринг;
 
  • биринчи навбатда болалар ва қарияларни ташқарига (ёки ичкарига, хатарсиз жойга) олиб чиқинг;
 
  • зинаяпоя майдончасидаги электр улагич қутисидан (шитдан) хонадонингизга электр қуввати кирадиган мурватни ўчиринг;
 
  • аланга хавфли бўлмаса сув (агар бу аланга олишни кучайтирмаса), кир ювиш кукуни ёки қалин мато билан (ҳаво таъминотини узиб қўйиш орқали) мустақил равишда (эҳтиёткорлик билан) ўт ўчиришга ҳаракат қилинг;
 
  • болалар ва саросимага тушиб қолган катталар ўт ўчиришга уринмаганликлари маъқул;
 
  • зарурият туғилмаса эшик ва деразаларни очманг (бу аланга учун зарур ҳаво таъминотини очиши ва у кучайишига олиб келиши мумкин);
 
  • агар ичкарини қуюқ туман қоплаб олган бўлиб, ўт чиққан (асосий) жойни ўчиришнинг иложи бўлмаса, ортингиздан эшикни ёпиқ ҳолда қолдирганча у ерни дарҳол тарк этинг;
 
  • агар квартирадан зинапоялар орқали чиқишнинг иложи бўлмаса, унда балкондаги темир зинадан фойдаланинг.
 
Темир зинаси йўқ қўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган кишилар, балконга чиқиб, ортидаги эшикни ёпиши ва ташқаридаги кишиларни ёрдамга чақириши лозим. Айрим ҳолларда уйнинг томига чиқиш (аланга у ерга етиб бориш хавфи бўлмаса) ва қурувчилар темир зинаси (захира зина) орқали пастга тушиш мумкин.
 
Етиб келган ўт ўчирувчиларга ёнғин ўчоғи (сабабини) аниқ кўрсатиш зарур.
 
Ёнғин чиққан жойдан чиқишнинг иложи бўлмаган ҳолларда:
 
  • деразаларни ёпиш, бироқ жалюзини туширмаслик лозим;
 
  • эшик ва дераза ромларидаги тирқишларни ҳўл латта билан тўсиш;
 
  • электр қувватини узиш ва табиий газ мурватини ёпиш;
 
  • ванна қозонини ва бошқа катта ҳажмли идишларни сувга тўлдириш;
 
  • пардаларни юлиб ташлаш;
 
  • дераза ёнидан тез ёнувчан буюмларни олиб ташлаш;
 
  • пол ва эшикларга сув сепиш ва шунга ўхшаш зарур деб ҳисобланган амалиётларни бажариш мумкин.
 
Нарвон ишлатиб бўлмайдиган (тиғиз вақт) вазиятларда сакраш масофасини қисқартириш учун ерга кўрпа­ёстиқ ташлаш, матолардан арқон ясаб бир неча метрга осилиб, сўнг сакраш, сакраш жойини иложи борича қўшни том, гулзор, қум тўкилган жой, автомобилнинг усти кабиларни танлаш (3 қаватдан юқори бўлмаганда) зарур.
 
Нима қилиш тақиқланади?
 
  • ёнғин кичик, яъни хавфсиз бўлмаса, ўт ўчирувчиларни чақирмасдан алангани мустақил равишда бартараф этишга уриниш;
 
  • тутунга тўлган йўлак орқали ташқарига чиқишга уриниш;
 
  • мўри ва тарнов трубаларига осилиб тушишга ҳаракат қилиш;
 
  • тўртинчи ва ундан баланд қаватда ёнғин содир бўлганда пастга сакрашга уриниш.
 
Электр қуввати билан ишлайдиган жиҳозлардан ўт чиқса:
 
  • биринчи навбатда жиҳозни электр қувватидан (зарур бўлганда хонадон электр тармоғини) узиш;
 
  • ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар бериш;
 
  • ўт чиққан хонадан бошқаларни чиқариш;
 
  • электр қувватидан узилган жиҳознинг орқа томонидан (электр таъминотидан узилганлигини яна бир бор текшириб, амин бўлгач) сув қуйиш ва пишиқ мато билан ҳаво таъминотини узиш учун ўраш лозим.
 
Агар у ёнишда давом этса, деразадан хавфсизроқ жойни мўлжаллаб ташқарига улоқтирган маъқул. Айрим кичик ҳажмли жиҳозларни сув тўлдирилган ванна ҳовузи ёки  тоғорага ташлаб юбориш ҳам мумкин.
 
Негаки, ёдингизда бўлсин, электр қуввати билан ишлайдиган айрим жиҳозлардан чиққан ўт ўчирилса ҳам тутуни ҳавони (атрофдагиларни) заҳарлаши, ҳатто бироздан сўнг яна олов олиши мумкин.
 
Кўп қаватли уйда ёнғин чиққанда:
 
  • дарҳол ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар беринг;
 
  • ёнғин чиққан жойни аниқлашга урининг;
 
  • олов ўта хавфли бўлмаган, ёнғин туфайли оғир буюмлар босиб қолмайдиган вазиятларда ўзингиз мустақил равишда ёки қўни­қўшнилар ёрдамида ўтни ўчиришга ҳаракат қилинг;
 
  • зинапояли йўлакда олов ва тутун пастдан тепага қараб кўтарилишини ёдда тутиш лозим;
 
  • ҳовлига чиқишга ҳаракат қилиш ва ёнғин чиққанидан бехабар қўшниларни огоҳлантириш зарур. Тутунга тўлган йўлакдан ўтаётиб нафасни ушлаб туриш ёки хўл қўлрўмолча билан оғиз ва бурунни ёпган ҳолда камроқ нафас олишга ҳаракат қилиш лозим;
 
  • агар тутун эшиги очилмаётган хонадондан чиқиб, ортида бақир­чақир овозлар эшитилаётган бўлса, ўт ўчирувчилар келишини кутмасдан эшикни бузиб кириб, уларга ёрдам кўрсатиш лозим;
 
  • агар зинапоя йўлагини қуюқ тутун қоплаган бўлса, орқага қайтинг ва эшик тирқишларини хўл латта билан ёпинг;
 
  • жароҳат олганлар бўлса дарҳол тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилинг.
 
Кўпчилик баланд биноларда ички захира йўлак ёки ташқи темир зиналар қўйилган бўлади. Ушбу йўлакда ҳаракатланишни қийинлаштирадиган ҳолатларга йўл қўймаслик, темир зиналарда эҳтиёткорлик билан тушиш лозим.
 
Мутахассислар маслаҳати: “...Ёнғин содир бўлишидан хавфсираб яшагандан кўра уй­рўзғор жиҳозларининг, шунингдек, электр ва газ таъминотининг созлигини текшириб туриш ҳамда ёнғин содир бўлганда зарур бўладиган воситаларни олдиндан тайёрлаб қўйиш лозим.
 
Ҳар бир хонадон аъзолари ўт ўчирувчилар келгунга қадар ўзлари ва энг зарур буюмларни хавфдан сақлай олиш йўлларини билишлари лозим. Узун резина шланг олиб қўйилса, фавқулотда эҳтиёж туғилганда, совуқ сув тармоғига улаш ва сув сепиш орқали ўт ўчириш мумкин.
 
Махсус ўт ўчиргич мосламаси ва кукунсимон ўт ўчириш воситасини сотиб олиб қўйган маъқул. Энг яхшиси, уйга ҳарорат ошишига қараб белги берадиган махсус ускуналарни ўрнатган маъқул”.
 
Қўшимча тавсиялар:
 
  • уйда ўт ўчиргич мосламаси ва ёнмайдиган мато бўлаги сақлаш лозим;
 
  • балкон ва чердакларни керак­нокерак буюмлар билан тўлдириб ташламаслик зарур;
 
  • хонани иситиш учун ёнувчи воситаларда фойдаланмаслик керак;
 
  • тезда ёнувчи суюқликларни (ёнилғи) уйда сақламаслик (ёки металл қутиларда сақлаш керак) мақсадга мувофиқ.
 
Ёнғин чиққанда жароҳат олган кишиларга биринчи ёрдам кўрсатиш:
 
  • тоза ҳавога олиб чиқиш, зарур бўлганда сунъий нафас олдириш;
 
  • куйган жойдан ҳеч нарсани (ёнмаётган, ёпишиб қолган кийим­кечакни) юлиб олмаслик;
 
  • енгил куйиш содир бўлганда ўша жойни водород перекис билан ювиш ва ўсимлик ёғи суркаш, аммо бинтламаслик (боғламаслик);
 
  • чуқур куйган жойларни тоза мато билан ёпиш ва шифохонага элтиш.
 
Азиз муштарий, касални даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул, деган гап бор. Оқилона фикр, шундай эмасми?
 
Ёнғин хавфсизлиги ҳам шундай — унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, аввало, ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаётини хавф остига қўймаслик билан баробар!
 
Шунингдек, оддий қоидаларга амал қилиш билан бир неча йиллар давомида орттирган моддий бойликларингизни асрашингиз мумкин.
 
Бу шунчаки ёнғин чиққанда ас қотадиган  дастлабки тавсиялар эди. Энг тўғри ва аниқ тавсиялар мутахассислар томонидан билдирилгапни маъқул.
 
Янаям аниқроғи — ёнғиннинг олдини олиш! Муҳими — шу!
Улуғ БЕК

Теглар:Куз-қиш мавсумига тайёргарлик Ёнғин хавфсизлиги Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!