Совун суюқ ёки қаттиқ бўлишидан қатъи назар, унинг таркиби асосий сифатни белгиловчи омил ҳисобланади.
“Qalampir.uz” сайтининг янги “Микроскоп” лойиҳаси кундалик турмушда фойдаланиладиган буюмларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, сизга янги маълумотларни беришга кўмаклашади. Демак, бугунги мавзуимиз – атир совунлар ҳақида.
Инсон ҳар куни совундан фойдаланади. Қўлларни совунлаб ювиш гигиенанинг энг оддий қоидаларидан бири. Бугун дўконларда совунларнинг ўнлаб турларини учратиш мумкин. Шакл жиҳатдан олганда суюқ ва қаттиқ совунлар бўлиши мумкин. Ҳар иккала совун тури ҳам инсон терисига деярли бир хилда таъсир этади.
Шундай экан, арзон совун сотиб олса бўлар экан, деб хулоса қилишга шошилманг. Аслида совун танлашда унинг сифатига эътибор қаратиш муҳим. Совун суюқ ёки қаттиқ бўлишидан қатъи назар, унинг таркиби асосий сифатни белгиловчи омил ҳисобланади.
Аввал совуннинг фойдали жиҳатларини кўриб чиқсак:
1. Совун танани бактериялардан ҳимоя қилади. Гигиена жиҳатдан энг зарурий ашё ҳисобланади.
2. Суюқ совун ўзининг тежамкорлиги билан қаттиқ совундан устун. Бир-икки томчи суюқ совун бир марта қўл ювиш учун етарли. Қаттиқ совун эса нарх жиҳатдан суюқ совундан устун бўлиши мумкин.
3. Қаттиқ совунлар таркибида одатда консервантлар бўлмайди.
4. Антибактериал (бактерияларга қарши) совунлар микробларни йўқотишда оддий совунлардан кўра кўпроқ таъсир қилади.
5. Антибактериал совунлар куйиш жароҳатларини тез бартараф этишга кўмаклашади.
Совун харид қилаётганингизда таркибига эътибор берасизми? Агар шу вақтгача таркиби сизни қизиқтирмаган бўлса, унда сотиб олаётган совунингизнинг қадоғини кўздан кечиришни одат қилгангиз маъқул.
1. Антибактериал совунлар таркибида одатда триклозан бўлади. Триклозан бўлган совундан кўп фойдаланиш саломатликка зарар етказиши ҳам мумкин. Ҳозирча мутаҳассислар бу борада аниқ хулоса қайд этишмаган бўлса-да, антибактериал совунлардан фойдаланишда эҳтиёткорликни тавсия этишмоқда.
2. Таркибида органик ёғлар кам бўлган совунлардан тез-тез фойдаланиш терининг қуришига олиб келади. Натижада терида ажинлар пайдо бўлади.
3. Суюқ совунни теридан ювиб ташлаш узоқ вақт талаб этади.
4. Антибактериал совунлар таркибидаги триклозан инсон организми учун фойдали бўлган бактерияларни ҳам ювиб ташлайди.
5. Суюқ совунлар таркибида одатда консервантлар бўлади. Бу эса айниқса, аллергияга мойил инсонларга тўғри келмаслиги мумкин.
Қўлни совун ёрдамида ювиш оддий ҳолатга ўхшаса-да, бу жараённинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Беҳудага кўп марта совундан фойдаланиш акс таъсир этиши мумкинлигини ёдда чиқарманг. Мутахассислар қўлни совун билан ишқалашда камида 20 сония сарфлашни тавсия этишади.
Мазкур лойиҳа юзасидан сизда ҳам таклифлар ёки бирон-бир буюм ҳақида тўлиқ маълумот беришимизни истасангиз, мақола остига ўз изоҳларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.