...
МЕНЮ
ONLINE TV

Яна оммавий заҳарланиш! Навбат Навоийга етди


16:36, 07.03.2018 Жамият
 8 137

Навоий вилояти Кармана туманида бирданига 40 киши овқатдан заҳарлангани аниқланди.

Кеча, 6 март куни Навоий вилоятида яна 40 киши овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 13 нафар, Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига 27 нафар бемор “Овқатдан заҳарланиш” бирламчи ташхиси билан ётқизилди. Уларнинг барчасида кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ каби шикоятлар бўлган. 
 
Бугун, 7 март соат 15:00 ҳолатига кўра,  Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонасида қолган 13 бемордан 12 нафарининг аҳволи қониқарли бўлиб, уйларига жавоб берилган. Ҳозирда бир нафар бемор шифохонада даволанмоқда.
 
Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимидаги 27 нафар бемордан 10 нафари уйига кетишига рухсат берилган. Қолган 17 нафар беморнинг даволаниши давом этмоқда.
 
Ўтказилган бирламчи эпидемиологик текшириш натижасида шикоят қилганларнинг барчаси Кармана туманидаги янги ГРЭС қурилишида ишлаётган “CALIK ENERJI”AS компанияси ишчилари бўлгани аниқланган. Улар 6 март куни соат 12:00 дан 13:00 гача шу ҳудудда фаолият кўрсатаётган  “WHITEHOUSE INVESTMENTS’ LTD ошхонасида овқатланган.
 


Соат 16:00 да бир неча ишчилар кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ каби шикоятлар билан “CALIK ENERJI”AS  компаниясининг тиббий пунктига мурожаат қилган. Шундан кейин беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ва  Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.  Кеча, 6 март соат 22:30 дан кейин тиббий муассасаларга бошқа мурожаатлар бўлмаган.
 
Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилди. Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, Кармана туман тиббиёт бирлашмаси зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланди, дейилади вазирлик хабарида.
 
Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи С.Саидалиев бошчилигидаги гуруҳ 6 март куни Кармана туманига юборилди. Ушбу гуруҳ таркибида, шунингдек, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш инситути директори А.Абдушукуров, институт клиникасининг  реаниматологи Б. Наврўзов, Республика Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бўлим мудири К.Боқиев ҳам бор.
 
Ҳозирда “WHITEHOUSE INVESTMENTS’ LTD ошхонасида тушлик вақтида ишчиларга берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва улардан тайёрланган таомлардан, ташқи муҳит объектларидан ҳамда беморлардан биологик намуналар олиниб, лабораторияда таҳлили учун вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг лабораториясига топширилди.
 
Шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморлар йўқ, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир ой аввал Наманган вилояти Косонсой туманидаги деҳқон бозорида номаълум шахс томонидан уй шароитида тайёрланган калла-поча гўшти ва ҳасип таомини истеъмол қилиши натижасида 36 киши заҳарланган эди.

Теглар:Навоий Кармана тумани Овқатдан заҳарланиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар