Мазкур таълим муассасаларида ўқиш ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилида олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларнинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Қарор билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:
Қарор билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:
- Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар тўғрисидаги;
- Маданият вазирлиги тизимидаги академик лицейлар тўғрисидаги;
- Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар тўғрисидаги.
Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларнинг таълим йўналишлари бўйича қабул квоталари жойлардаги иш берувчи ташкилотлар томонидан мавжуд касбларга бўлган эҳтиёж ва талаблар асосида, шунингдек, ўқувчиларнинг ва ота-оналарнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.
Мазкур таълим муассасаларида ўқиш ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилида олиб борилади.
Синфлардаги ўқувчилар сони 25–30 нафарни ташкил қилиб, мутахассислик фанлардан амалий машғулотлари кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳамда якка (индивидуал) тартибда ташкил этилади.
Низом билан ушбу таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди.
Шунга кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларга кириш учун ҳужжатлар ҳар йили 1–30 июнь кунлари қабул қилинади.
Ижодий синовлар эса ҳар йили 15–30 июль кунлари оралиғида ўтказилади.
Нуфузли халқаро (I, II, III ўринлар) ва республика (I ўрин) миқёсидаги танловлар ғолиблари белгиланган квота доирасида имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.
Мазкур ўқув даргоҳлари битирувчиларига ўрта махсус маълумот тўғрисида диплом берилади ва ушбу ҳужжат битирувчиларга меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.
Низомга мувофиқ, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараварини ташкил этади.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ Маданият вазирлиги тизимидаги академик лицейлар, шунингдек Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди.
Суннатилла Абдуллаев