Сиам эгизакларининг танаси ота-онаси томонидан тадқиқот учун хайрия қилинди.
Онадан туғилгунга қадар уларнинг аҳволи яхши бўлган, бироқ сиам эгизаклари туғруқдан кейин 6 дақиқа ўтиб вафот этган.
Ражкод касалхонаси доктори Киртан Вияс берган маълумотларга кўра, сиам эгизакларининг аксарияти яшаб кета олмаслиги нуқтайи назаридан чақалоқнинг ота-онаси туғруқдан кейинги салбий оқибатлар, бўлиб ўтиши мумкин бўлган хавфлардан, шунингдек, улар туғилгач, икки танани бирлаштириб турган битта бошни ажратишнинг имкони бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилган. Докторнинг айтишича, бу тиббиётда жуда кам учрайдиган ҳолат. Одатда бундай сиам эгизаклари миллиондан бир ҳолатда учрайди. Бундан ташқари доктор ҳомиладаги бундай аномалия ҳомиладорликнинг биринчи 3 ойлигида аниқланишини, бироқ эгизакларни дунёга келтирган аёл ультра товуш текширувига ҳомиладорликнинг еттинчи ойида тушганини айтган.
Нашрнинг маълум қилишича, нобуд бўлган сиам эгизакларининг ота-наси чақалоқлар устида давлат тиббиёт коллежининг тадқиқот ўтказишига рози бўлишган.
Маълумот учун, сиам эгизаклари – ривожланиш даврида эмбрионал жиҳатдан бир-биридан тўлиқ ажралмаган эгизак ҳомилалардир. Уларнинг тана қисмлари, ички органлари бир-бирига бириккан бўлади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар 200.000 туғруқнинг бирида турли аномалиядаги сиам эзизаклари дунёга келади. Уларнинг тенг ярми эса ўлик ҳолда туғилади.