Мазкур орден Бишкекда икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашув чоғида Алмазбек Атамбаевнинг 60 ёш юбилей муносабати билан тақдим этилди.
Владимир Путин орденни топшириш чоғида, Александр Невскийнинг Россия тарихида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Алмазбек Атамбаевни юбилей сана билан муборакбод этар экан, МДҲ юбилей саммитини юқори даражада ташкил этилгани учун ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Ўз навбатида, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам Владимир Путиннинг ташрифидан боши кўкка етганини эътироф этиб, уни кўришдан доим мамнун бўлишини қўшимча қилди.
“ТАСС” агентлигининг хабарига кўра, шу куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, ХХР раиси Си Цзиньпин, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, АҚШ президенти Барак Обама, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаевни юбилей сана билан муборакбод этишган.
Маҳаллий ОАВ Алмазбек Атамбаев ўз юбилейи учун навбатдаги олтинчи ижод намунасини тайёрлаганини маълум қилди. Бу сафар Атамбаев қўшиқни қирғиз тилида куйлаган. Аввалги қўшиқлар президент томонидан рус тилида ижро этилган эди.