
Вилоят ва улардаги туманлардан маълумот олиш “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолмоқда.
Айрим интернет нашрлари, унинг олдин ўлдирилиб, кейин танаси ёқиб юборилган деган маълумотни қайд этган бўлса, айримлар, у ўзининг шахсий бошқарувидаги Nexia автомашинасида катта тезликда келаётиб, бошқарувни йўқотган ва ЙТҲ натижасида ҳалок бўлган, деган тахминларни ҳам эълон қилганлар.
Ҳокимият вакили қасддан ўлдирилдими, деган савол ортидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги вакилларига мурожаат қилдик. Биз, ўлим сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида, дастлаб, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ҳолат бўйича изоҳ сўрадик. Телефонга жавоб берган ҳокимлик вакили, Қизириқ тумани ҳокимиятига мурожаат қилиб, аниқроқ жавоб олишимиз мумкинлигини айтди.
Шундан сўнг, туман ҳокимлиги телефонига қўнғироқ қилиб, бу борада маълумот беришини сўрадик ва ўзини ҳоким ёрдамчисиман деб таништирган вакил, бу иш билан туман ИИБ шуғулланиши ҳамда улардан маълумот олишимиз мумкинлигини айтиб, ИИБ телефон рақамини берди-ю, суҳбатни қисқа қилиб хайрлашди.
Туман ҳокимлиги вакили берган телефон рақамига қўнғироқ қилганимизда, телефонга Қизириқ тумани ИИБ навбатчилик қисми, деб жавоб берган ходим, ўлим ҳолати қайд этилганини тасдиқлади ва бу бўйича туман ИИБ масъуллари Сурхондарё вилояти ИИБ ҳамда Ички ишлар вазирлигига “сводка” берганини айтди. Шунингдек, навбатчиликда турган ИИБ ходими, 3 декабрь куни тахминан соат 6 да ЙҲХ бошлиғи А. Амонов...., деб сўз бошлади-ю, дарҳол телефон гўшагини илиб қўйди ёки алоқада узилиш юз берди. Хуллас, ИИБ ходими билан гаплашиш учун қайта қилган уринишларимиз натижа бермади.
Демак, ўлим ҳолати бўлгани ўз тасдиғини топди, лекин воқеага аниқлик киритилмагани боис, ўз ҳаракатимизни давом эттирдик. Жорий йилнинг май ойида Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган Шуҳратжон Ҳошимович Сотволдиевнинг қабулхонаси телефон рақамига қўнғироқ қилдик, афсуски бундан ҳам наф чиқмади.
Ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларга ойдинлик киритиш мақсадида “Qalampir.uz” сайти ҳокимлик ходимининг ўлими билан боғлиқ ҳолатни ўрганишни давом эттиради.
Таҳририятимиз, Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ, Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан бу борадаги аниқ маълумотларни тегишли тартибда очиқлашини сўраб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматлари ва Тошкент шаҳар ИИББ матбуот гуруҳи ходимларидан маълумот олиш осонлашгани ҳамда ОАВ лар билан яхши муносабат, мустаҳкам алоқа ўрнатилган бир даврда, Вилоятлар ва улардаги туманлардан маълумот олиш “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолмоқда.