...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: “Темур тузуклари” асарида тилга олинган: тўққизинчи шаҳар


20:44, 20.10.2017 Бу қизиқ
 3 874

Анқара шаҳрининг марказий кўчаси Отатурк номидаги ҳиёбонга туташ. Унинг Эски шаҳар қисмида Туркия Республикасининг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк (1881–1938) мақбараси мавжуд.

“Бу қизиқ” туркуми орқали Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган шаҳарларнинг қадимий тарихи ва бугунги кундаги ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар, шунингдек, уларга илова тарзда замонавий шаҳарларга тааллуқли видеолавҳалар бериб бормоқдамиз.
 
Тўққизинчи шаҳар. Анкурия   
 
Маълумки, Амир Темур қўшинлари 1402 йилнинг февраль ойидан бошлаб Усмонлилар империясига қарашли ҳудудларни ишғол қилишни бошлайди.
 
Султон Йилдирим Боязид Амир Темурнинг талабини инобатга олмай, аксинча унга ҳақоратомуз мактуб йўллагани боис ушбу ҳарбий юришлар шиддати тезлашиб кетади.
 
Усмонлилар султони 400 минг отлиқ ва пиёда қўшини билан Амир Темур лашкарига қарши чиқади. Шунда Соҳибқирон ўз лашкари билан Анкурия қўрғони, яъни ҳозирги Анқара шаҳри яқинига етиб келади.
 
1402 йил 20 июль санасида Амир Темур ва Йилдирим Боязид қўшини ўртасида аёвсиз жанг бўлиб ўтади.
 
Жанг Анқара шаҳри остонасидаги Чимбукобод даҳасида бўлиб, Соҳибқироннинг ғалабаси билан якун топади.
 
Анқара шаҳри “Рум мамлакатини забт этиш, Қайсар лашкарини синдириш бобида қилган кенгашим” ҳикоятида тилга олинган.
 
Анқара — ҳозирда Туркия Республикасининг пойтахти. Унда қарийб 5 миллиондан зиёд кишилар истиқомат қилади.
 
Анқара йириклиги жиҳатидан Истамбул шаҳридан кейинги ўринда турсада, йирик ишлаб чиқариш ҳамда маданий марказ сифатида маълум ва машҳур. Шаҳарнинг келиб чиқиш илдизлари Қадимги Хетт давлатининг савдо нуқталарига бориб тақалади.
 
Эр. авв. VII асрга келиб у карвон йўлидаги аҳоли муқим яшайдиган қўрғонга айланади. Замонавий Анқарада жуда кўп кўхна обидалар мавжуд. Уларда насронийлик черковларини, ҳалифаликдан кейин бунёд этилган масжид-мадрасаларни, ҳатто Октавиан Август ҳукмдорининг деворга қадимги юнон тилида ўйиб ёзилган васиятномасини ҳам учратиш мумкин.
 
Анқара шаҳрининг марказий кўчаси Отатурк номидаги ҳиёбонга туташ. Унинг Эски шаҳар қисмида Туркия Республикасининг биринчи президенти — Мустафо Камол Отатурк (1881–1938) мақбараси мавжуд.
 
Анқаранинг пойтахт шаҳарга айлантирилиши — унинг салоҳиятига жозиба бахш этгани рост.
 
Азиз мухлислар, туркум мақолалар орқали аввалроқ Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган Ғузор, Бешкент, Хива, Қандаҳор, Мултон, Деҳли, Боғдод ва Диёрбакр шаҳарлари ҳақида маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилган эди.
 
Туркум мақолаларни кузатишда давом этинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Қадимги шаҳарлар “Темур тузуклари” асари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!