...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: “Темур тузуклари” асарида тилга олинган: саккизинчи шаҳар


17:08, 20.10.2017 Бу қизиқ
 3 876

Усмонлилар султони Йилдирим Боязид I Соҳибқирон лашкарларига қарши қўшинни Ҳалаб (Алеппо), Ҳумс (қадимги Эмесса) ва Диёрбакр шаҳарлари ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларга жўнатади.

Азиз ўқувчилар, “Бу қизиқ” туркуми орқали Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган шаҳарларнинг қадимий тарихи ва бугунги кундаги ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар, шу билан бирга, уларга илова тарзда замонавий шаҳарларга тааллуқли видеолавҳалар бериб бормоқдамиз.
 
Саккизинчи шаҳар. Диёрбакр   
 
Ҳозирги Туркия давлатининг жанубий-шарқий ҳудудида Диёрбакр номли қадимий шаҳар мавжуд.
 
Қадимда “Амида” номи билан маълум ва машҳур шаҳарнинг тарихи эр. авв. иккинчи мингйилликнинг ўрталарига бориб тақалади.
 
Қадимги Урарту ва Қадимги Оссурия давлати таркибида бўлган. Шунингдек, мазкур шаҳар Қадимги Эрон, Македониялик Александр салтанати, Салавкийлар давлати ҳудудига кирган.
 
Тахминан эр. авв. 230 йилларгача Диёрбакр шаҳри Қадимги Рим империясининг колонияларидан бири бўлган.
 
Ушбу шаҳар эрамизнинг IX асрига келиб Шоҳ Шопуп II, 638 йилда Араб ҳалифалиги, сўнгра салжуқийлар, мўғуллар томонидан ишғол этилган.
 
Диёрбакр шаҳри “Темур тузуклари” асарнинг “Рум мамлакатини забт этиш, Қайсар лашкарини синдириш бобида қилган кенгашим” ҳикоятида тилга олинади.
 
Маълумки, Соҳибқирон лашкарлари икки ой давомидаги қамалдан сўнг Боғдод шаҳри қалъасини ишғол этади. Сўнг Озарбайжон ҳудудига келиб ўрнашади.
 
Усмонлилар султони Йилдирим Боязид I Амир Темур лашкарларига қарши қўшинни Ҳалаб (Алеппо), Ҳумс (қадимги Эмесса) ва Диёрбакр шаҳарлари ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларга жўнатади.
 
Қора Юсуф номли ҳукмдор ўз лашкарини қароқчиларга айлантириб, Макка ва Мадина шаҳарларига зиёратга кетаётган карвонларни талаётгани Соҳибқироннинг ғазабини келтиради.
 
Амир Темур 1402 йилнинг феврал ойида ўша пайтлар усмонли турклар қўлида бўлган Қадимги Рим империяси ҳудудларини ишғол қилишга киришади.
 
Диёрбакр шаҳри 1515 йилда Салим Ёвуз номи билан донг таратган усмонлилар султони томонидан эгалланади.
 
Ҳозирда мазкур шаҳар озиқ-овқат саноати, енгил саноат, хусусан тўқимачилик, автомобилсозлик ҳамда кончилик ривожланган аҳоли пункти саналади. Аҳолиси 600 минг кишидан зиёд. Шаҳар атрофида дарёлар, тоғлар, шу жумладан вулқон ҳам мавжуд.
 
Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” асарида Амир Темурнинг Рум салтанати заминига ҳарбий юришлари, бўлиб ўтган аёвсиз жанглар тафсилоти, жангларда қўлланилган янги турдаги қурол-аслаҳалар, Йилдирим Боязиднинг енгилиши ва ўлими, Соҳибқироннинг денгиз оша Европа давлатларини ишғол қилиш режалари ҳақида қизиқ тарихий-бадиий воқеалар баён қилинади.
 
Азиз мухлислар, туркум мақолалар орқали аввалроқ Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган Ғузор, Бешкент, Хива, Қандаҳор, Мултон, Деҳли ва Боғдод шаҳарлари ҳақида маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилган эди.
 
Туркум мақолаларни кузатишда давом этинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Қадимги шаҳарлар Темур тузуклари асари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!