...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: хонандалар олдида турган “жар”ни Шерали Жўраев анча йиллар олдин башорат қилганди


10:10, 19.07.2017 Шоу-бизнес
 12 637

Шерали Жўраев ўз хонадонида ўзбек қўшиқчилик санъати “жарликка” яқинлашиб қолгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Халқимиз, айниқса, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган саёз, савияси паст, миллий маънавиятимизга зид бўлган қўшиқлар пайдо бўлишини бартараф этиш мақсадида “Ўзбекконцерт”да ижодий Кенгаш тузилмоқда. Янги ташкил этилаётган Кенгаш қай даражада самара беради, билмадиму, аслида бу ишларга камида ўн йиллар аввал зарурат сезилган.
 
Бундан олти йил муқаддам Ўзбекистон халқ артисти, Навоий номидаги давлат мукофоти лауреати Шерали Жўраев ўз хонадонида бир гуруҳ ижодкорлар учун “Ишқнинг етти жилоси” деб номланган анжуманда ўзбек қўшиқчилик санъати “жарликка” яқинлашиб қолгани ҳақида огоҳлантирган эди. Ана шу мулоҳазаларини сизларга тақдим этамиз.
 
“Ҳозирги кунда биров мусиқа чалиб, ашула айтмай қўйди. Жуда осон бўлди ашула айтиш, ашула айтишдан осони йўқ дунёда. Мен ҳеч кимни ёмонламоқчи эмасман. Мана, санъаткорлар ўтирибди бу ерда. Ҳеч кимга хасад қилмаган ҳолатда гапиряпман. Бу гапни кўп гапираману, бу ерда гапирмаслигим керак эди. Сабаби бировнинг дилини оғритишни ёмон кўраман. Айниқса, санъат йўлида. Лекин барибир хавф бу.
 
Хавф – одамлар, санъаткорнинг олдида турган жар бор, ўша жар яқинлашиб қоляпти. Чунки ўзи чалмаяпти, ўзи ашула қилмаяпти, ўзи изланмаяпти ва ўзи ўқимаяпти. Китоб варақламаяпти. Биров мана бу шеърни айтинг, жуда зўр деб олиб келиб беряпти. На унда шеъриятнинг қонун-қоидаси бор, на туроқ бор, на саноғи бор, на маъно бор, на қофия бор. Бир қаторида 15 та бўғин бўлса, биттасида 11-12 та. Қофиясига ҳам тушунмайсан, қофия йўқ-ку унда ҳеч қанақа. Шеърмас биринчидан у. Шунақа бир ҳолатдамиз.
 
Буни кимдир айтиши керак-ку барибир. Масалан, биз айтмасак, ким айтиши мумкин яна? Буни санъатни тушунадиган одам айтиши керак, адабиётни тушунадиган айтиши керак, шеъриятни тушунадиган айтиши керак. Буни айтиш учун имконият йўқ кўпчиликда, масалан.
 
Мен кеча ўтиргандим, телевезордан Озарбайжоннинг кўрсатувини бериб қолди. Мақом ашулачиларнинг танлови бўляпти. Дод дедим, кўриб ҳалигиларни. Шеъриятни қанақа даражада чуқур гапиришяпти, чуқур ўрганган. Олимлариям, фозиллариям, ашулачилариям. Мен йиғлаб ўтирдим уларни кўриб. Фарзандларимизгаям, ашулачиларимизгаям шунақанги ҳолатни тилайман Худодан. Шунинг учун фарзандларимизга айтамизки: ўзинг чалиб айт ва китоб ўқи. Китоб ўқи, варақла. Тушунмасанг сўра, мана айтиб берайлик!”
Мусулмонбек Иброҳимов

Теглар:Шерали Жўраев Ўзбекконцерт Хонанда 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Saida
11:11 19.07.2017

Жудаям тугри айтилган гаплар, Сизга соглик , узок умр тилайман !



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!