Қорни билан қалин қор устида ётган болакай туришга ҳаракат қилади, аммо бир неча маротаба йиқилиб тушади.
Видеода бир эркакнинг қор устида ётган болакайни тепаётгани акс этган.
Тахминларга кўра, воқеа Бишкек шаҳрининг Улан-2 микрорайонида содир бўлган.
Видеода тасвирланишича, қорни билан қалин қор устида ётган болакай туришга ҳаракат қилади, аммо бир неча маротаба йиқилиб тушади. Буни кўриб дарғазаб бўлган эркак болакайни тепади. Кейин эса қўпол равишда уни кўтаради.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари видеодаги эркакнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлишган.
Маълум бўлишича, эркак болакайнинг отаси бўлган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ёш болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш, уларни таҳқирлаш ёки калтаклаш каби жоҳил ҳаракатлар акс этган видеолардан бири қарийб бир ой аввал Ўзбекистонда ҳам тарқалганди.
4 ёшли қизчани калтаклаб, қувиб солаётган отанинг ҳақоратомуз гаплар билан урушгани акс этган видеони томоша қилганлар ҳайратга тушишганди.
Қизалоқнинг онаси номаълум сабабларга кўра 2 йилдан буён уйига келмаётганлиги туфайли “қони қайнаган” эркак ўз фарзандини “Менга керак эмассан, кет!”, дея ҳақоратлагани-ю, қизалоқнинг кўзларидан тинимсиз ёш оқиши тасвирланган видеолавҳа давлат телеканалида намойиш этилганидан сўнг тарқалиб кетганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, 4 ёшли қизалоқни калтаклаган эркак аслида унинг отаси бўлиб, у қўлга олингани хабар қилинганди.