
Халқ таълими вазири ўринбосари Самарқанддаги фожиага танқидий муносабат билдириб, ҳукуматни керакли ҳужжат қабул қилишга чақирди.
Мазкур фожиа жамоатчилик ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев рўй берган фожиага Facebook’даги саҳифасида ўзининг муносабатини қуйидагича билдирди:
“Халқимиз азалдан устозларни ардоқлаб келган. Илм тарқатувчиларга берилган эътибор ва эҳтиром, Худо хоҳласа, ўз натижасини беради. Ҳар бир раҳбар мактабда ўқиган ҳамда устоз кўрган ва ишончимиз комил улар ўз устозларини ардоқлашади. Ҳали бу каби юмушларни инновация орқали енгиллаштириш ва катта ютуқларга эришиш мумкин. Бунинг учун фақат ўқитувчиларга бор имкониятни яратиб беришимиз зарур шунда ўқитувчи эмас инновация бизга ечим бўлади.
Иқтисодимиз гуллаб-яшнайди. Юртбошимиз ҳам халқимиз ғамида тиним билганлари йўқ. Худо хоҳласа, кунлар келиб бу кунларни эслаб юрамиз. Ҳар қандай ривожланган давлат ҳам таълим орқали ривож топган. Ҳамма дўстларимиздан бўлар-бўлмас гаплар эмас, холис ёндошилган кўмак ва талқин кутиб қоламиз.
Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин. Парламент аъзолари, депутатлар ва бошқа давлат органлари келинглар бир меъёрий ҳужжат ишлаб чиқайлик. Миллат тақдири-ку ахир!”