Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди
Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ, “Оила” марказига қуйидаги вазифалар юклатилган:
- оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш;
- оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганишни ташкил этиш;
- замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш.
Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб:
- ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олишни;
- оиладаги маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга оид бошқа масалалар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;
- соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб этиш мақсадида якка тартибда тушунтириш ишларини, очиқ мулоқот, сайёр қабул ва давра суҳбатлари ўтказади.