Олимлар одамларнинг меъёридан ортиқ душ қабул қилавериши уларнинг саломатлиги учун зарарли бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Калифорния университети мутахассислари саломатлик учун фойдали душ қабул қилиш қоидалари билан таништиришди. Мутахассисларнинг фикрича, душ қабул қилганда ваннада кўп қолиб кетиш ярамайди. Гап шундаки, одам териси ёғли ҳимоя қавати билан қопланган. Бир кунда бир маротабадан ортиқ муттасил ювинавериш эса мазкур қаватнинг емирилишига олиб келади. Оқибатда организмнинг тери хасталикларига чалиниш хавфи янада ортади.
Одатда ёз ойларида душдан чиқмайдиган одамларнинг ҳаддан ташқари тоза ва озода бўлишга интилишлари уларда экзема хасталигининг ривожланишига сабаб бўлади. Ювиниш учун мочалкани бир ойда икки маротаба алмаштириб туриш керак. Чунки мато таркибида ўлган тери қолдиқлари сақланиб қолади. Оқибатда гигиенага амал қиламан деб, бактериялар ўчоғига эга бўлишингиз, ўзингизга ортиқча ташвиш орттиришингиз мумкин.
Иссиқ сув тери ва сочга салбий таъсир қилади. Натижада инсон кўрки бўлган сочларнинг эрта тўкилиб кетишига олиб келади. Шунинг учун, мутахассислар иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган сувда чўмилишни тавсия этишади. Ювиниш вақтида оддий қоидаларга амал қилинса, терингиз янада тоза, озода, муҳими соғлом бўлиб, ўз гўзаллиги ва ёшлик жозибасини йўқотмайди.