
Нима, мен одаммасманми? Ўзимга яраша орзу-ҳавасим бор, улфатларим бор… Мен ҳам юртнинг ошини еганман…
Кейинроқ, давлат раҳбари Олмалиқда ўтказилган йиғилишда ҳам шу ҳақда сўз очиб, бугунги тўйлар қандай тартибда ўтказилиши юзасидан тавсиялар берди ва Олмалиқ шаҳар тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатди.
Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев 2-3 март кунлари Навоий вилоятига ташриф буюрган эди. Президент Навоий вилояти фаоллари билан ўтказилган йиғилишда яна бир бор тўй-ҳашам ва марака маросимларига тўхталиб, бу масалада жиддий қарор қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.

Давлат раҳбарига кўра, энди тўйларни қисқартириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори қабул қилинади. Ҳукуматдаги мансабдорлар тўйларга бормайди.
Президент билиб айтяпти! Бу кетиш бўлса, биз яна 100 йилдан кейин ҳам тўй эмас, ундаги дабдабабозлик балосидан қутула олмаймиз. Шу ўринда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб ушбу ҳикояни эътиборингизга ҳавола этшни маъқул кўрдик.
Тўйчибой тўй қиладиган бўлди: суннат тўй…
“Сабзи тўғрар”га келган маҳалла оқсоқоллари “юз кило гуруч дамлаш шартми, ўзингизни қийнамай қўя қолинг”, деган эди, астойдил хафа бўлди:
– Нима, мен одаммасманми? Ўзимга яраша орзу-ҳавасим бор, улфатларим бор… Мен ҳам юртнинг ошини еганман…
…Шундай бўлди… Юз кило эмас, юз йигирма кило ош дамланди…
Тонг отмасдан ҳофизлар хониш қилди… Гурас-гурас одамлар келди…
Тўйчибой “юз йигирма кило ошнинг тагида бир капгир қолмаганини” гапириб юрди…
…Икки ҳафталардан кейин уйида қий-чув бўлиб қолди. Ўзи бақирган, хотини додлаган…
Ҳарқалай, қўшни… Чиқдим.
Қарасам, Тўйчибой ток сўри тагида турибди. Кўзлари бежо. Нуқул бир гапни такрорлайди: “Ўзимни ўлдирсам, қутуламанми? Ўлиб кетсам, қутуламанми санлардан?!”
Янга нарироқда шумшайиб турибди.
– Тўй қиламан деб бўғзимгача қарзга ботдим! – деди қўшним чинқириб. – Мени хонавайрон қилмоқчимисан?! Ўзимни ўлдириб қўя қолай!..
Янга мени кўриб бир қадар таскин топди, шекилли, эрини юпатди:
– Қўйинг, дадаси, ўзингизни босинг… – Кейин айвонга қараб мушт дўлайтирди: – Сан қиз ўлгурга қачон ақл киради-а?! Ман буни нонга чиқарсам, китоб обкебди!.. Ҳаҳ, ўша санга китоб ўқишни буюрган ўқитувчингнинг уйига ўт тушсин! Саккиз юз сўмгаям китоб оладими, жувонмарг?! Китоб санга ош билан нон бўлармиди, ер ютгур!
…Қўшнимнинг еттинчими, саккизинчими синфда ўқийдиган қизига энди кўзим тушди. Қизалоқ айвон устунига суяниб турар, кафти билан юзини тўсганча унсиз, ўкиниб-ўкиниб йиғлар эди…
Индамай чиқиб кетдим.
…Ростини айтсам, умримда биринчи марта… ўзбек бўлганимга уялдим…
P.S.: Қадрли ўқувчи! Бугун ўртага ташланаётган масалаларда сизнинг фикрингиз қандай? Тўйларни ўтказиш бўйича тартибдан нималар ўрин олиши керак? Айтайлик, меҳмонлар сони неча нафар бўлишини хоҳлайсиз? Муносабат билдиринг, эртанги авлодлар қабул қилинаётган қарордан четда қолманг. Мулоҳазаларингизни изоҳларда қолдиринг.