Расмий Анқара ва Брюсселнинг биргаликдаги бошқа бир фаолияти ҳам тўхтатилган.
Кеча, 26 июнь куни Туркиянинг Европа Кенгашига аъзо бўлиши ҳақидаги музокаралар тўхтатилди. Бу ҳақда ЕКнинг Люксембургда эълон қилинган баёнотида маълум қилинган.
Бундан ташқари расмий Анқара ва Брюссель ўртасида божхона иттифоқини мустаҳкамлаш ҳаракатлари ҳам тўхтатилган.
Ушбу баёнот Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сайловда ғолиб бўлганидан икки кун ўтиб эълон қилингани аҳамиятли. Европа Эрдўған сиёсатидан норозилигини шу тариқа билдиришга уринаётган бўлса, не ажаб.
Маълумот ўрнида, Туркиянинг ЕК аъзолигига қабул қилиниши бўйича музокаралар 2005 йилда бошланган. Музокаралар муваффақиятли якунланиши учун Туркия Европа комиссиясининг 33 та талабини бажариши лозим, яна икки талаб мажбурий эмас. Шундан сўнг, ЕКга аъзо давлатлар (ҳозирда улар 28 та) бир овоздан Туркияга аъзолик беришни қўллаб-қувватлаши керак бўлади.