...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркияда мамлакат ташкил топганлигининг 94 йиллиги нишонланди


09:50, 30.10.2017 Олам
 2 236

Ражаб Тойиб Эрдўған Отатурк ёдгорлик мажмуасининг хотира китобига қайднома ёзиб қолдирди.

Кеча, 29 октябрь куни Туркияда Республика куни нишонланди. Туркия Республикаси ташкил топганлигининг 94 йиллигига бағишланган байрам тантаналари мамлакатнинг ҳар бир туманида кенг нишонланди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
 
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған байрам муносабати билан Туркия расмийлари ҳамроҳлигида  Анқарадаги Мустафо Камол Отатурк ҳоки қўйилган Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.
 
Туркия раҳбари ёдгорликка гул қўйди. Мазкур тадбирда иштирок этганлар сукут сақлаш орқали Туркия Республикаси асосчиси хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
 
Ражаб Тойиб Эрдўған ёдгорлик мажмуасининг хотира китобига қайднома битди.
 
“Бугун катта машаққат билан бизга тақдим этилган Туркия Республикаси ташкил топганлигининг 94 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Туркия Республикаси – қаҳрамонлик ва фидоийлик билан тўла курашнинг натижасидир. Туркия Республикасига ҳаёт берган ирода мустақиллик учун кураш орқали мустаҳкамланди ва у бугун ҳам 94 йил аввалгидек мустаҳкам. 2016 йил 15 июлдаги ҳарбий тўнтариш вақтида турк халқининг кўрсатган жасорати ана шу иродани намоён этди. Туркия Республикасининг 94 йиллиги кенг нишонланаётган шундай кунда анъанага кўра барча фахрийларга чуқур ҳурматимизни изҳор этамиз”, деб ёзди Эрдўған.  

Эслатиб ўтамиз, 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк ҳоки қўйилган Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрган эди. Шавкат Мирзиёев буюк давлат ва сиёсат арбоби Мустафо Камол Отатурк қабрига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирган эди.
Дурдона Расулова 

Теглар:Туркия мустақиллиги куни Ражаб Тойиб Эрдўған 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!