...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркияда исён кўтарилди. Батафсил воқеалар ривожи


08:48, 16.07.2016 Олам
 9 057

15 июль куни маҳаллий вақт билан соат 23:00 атрофида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳарбийлар исён кўтариб, ҳокимиятни қўлга олишга уринди.

Кеча, 15 июль куни соат 23:00 атрофида Туркия армиясидаги бир гуруҳ ҳарбийлар мамлакат ҳокимиятини қўлга олишга бўлган уринишларни амалга оширди. Бу ҳақда Туркия ОАВлари бош вазир Бинали Йилдиримнинг сўзларига ҳавола қилган ҳолда хабар бермоқда.

Исёнчилар мамлакатдаги асосий бошқарув органлари ва стратегик муҳим биноларни ўраб олди. Булар орасида мамлакатнинг бир қанча асосий телерадиоканаллари ҳам борлиги айтилмоқда. Шу жумладан, Ражаб Тойиб Эрдўған асос солган “Адолат ва тараққиёт” партияси биноси ҳам ўраб олинган.

Мамлакатда амалга оширилган ҳарбий тўнтаришлар ортида Фето (Фетуллоҳчи террор гуруҳи) тургани айтилди. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исён кўтарилган вақтда хавфсиз жойда қўниб топди ва вазият енгиллашганидан сўнг, ОАВ орқали халққа мурожаат этиб, бу ишларнинг ортида Фетуллоҳ Гулен турганини таъкидлади.

Ҳарбийлар исёни бошлангандан кейин мамлакат раҳбари Эрдўған номидан фуқароларнинг қўл телефонларига президент мурожаати келди. Унда қуйидаги сўзлар битилган.

“Турк миллатининг азиз авлодлари, бу ҳаракат (исён)да Анқарада ва Истанбулда давлатнинг ҳарбий техникалари ва қурол-яроғларини тортиб олиб, 70-йиллардагига ўхшаб халққа қарши қўзғалон кўтаришга ҳаракат қилинган. Шарафли турк миллати, демократиянгга ва тинчлигингга ўзинг эга чиқ. Турк миллатини ўз қўлига олмоқчи бўлган бир гуруҳ исёнчи ҳарбийларга қарши чиқиш учун кўчаларга, майдонга чиқинг. Сизларни ўз ватанингизга эга чиқишга чорлайман! Давлатингга ва миллатингга эга чиқ”.





Мамлакатнинг раҳбарининг мурожаатидан сўнг Истанбул ва Анқара шаҳри аҳолиси қўлида байроқлар билан кўчага, шаҳар марказидаги майдонларга чиқди. Фуқаролар ҳарбийлар томонидан ўраб олинган бинолар ва стратегик аҳамиятга эга иншоотларга кириб бориб, исёнчиларга қарши чиқишди.

ОАВ бераётган хабарларга қараганда тонггача мамлакатдаги масжидларда ибодат қилиниб, азон ўқилган. 

Президентнинг мурожаатидан сўнг кўчага чиққан тинч аҳоли вакиллари Ражаб Тойиб Эрдўған қароргоҳи атрофида жонли девор тузди. Стратегик нуқталарни ўраб олган исёнчиларга қарши хужумлар бошланди. Дарғазаб халқни бостириш мақсадида мамлакатдаги энг кучли техникалар ва қурол-яроғларни қўлга киритган ҳарбийлар тинч аҳолига қарата ўқ узган. Қирувчи самолётлар Истанбул осмонида пастлаб учиб, одамларга портловчи ускуналар билан хужум қилган. Кўп қаватли уйларга вертолётлардан туриб ўқ узилгани айтилмоқда. Ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган танклар кўчага чиққан ёш-яланг устига ҳайдалган. Уларнинг бир қанчасини фуқаролар ҳарбийлар қўлидан тортиб олишга муваффақ бўлди.





Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропортига келган президент Ражаб Тойиб Эрдўған шундай дейди. 

“Бу ерга ташриф буюришдан аввал Мармарисда бўлдим. У ердан кетганимдан сўнг, у ер портлатилган. Улар мени ҳамон ўша ерда деб ўйлашган ва бу ерга келишимни билишмаган. Айни дамда мамлакатнинг муҳим идоралари раҳбарлари асир олинган”.
 

Теглар:Туркия Истанбул Исён 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!