Бошқа нашрлар берган маълумотларга кўра, қотил фотокўргазмага сохта ҳужжат билан кириб олган.
Айтиш лозимки, фожиадан бир неча соат ўтганидан кейин ҳам қотилнинг шахси ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Ва ниҳоят Туркия Ташқи ишлар вазирлиги россиялик элчининг қотили ким эканини ошкор қилди. Бу ҳақда “Vz.ru” хабар бермоқда.
Туркия Ички ишлар вазири Сулейман Сойлу берган маълумотларга кўра, қотилликни 1994 йилда туғилган, полиция ходими Мавлут Мерт Олтинтош содир этган.
У полиция мактабини тамомлаган ва шу кунгача турк полициясида ишлаб келаётган бўлган.
Бошқа нашрлар берган маълумотларга кўра, қотил фотокўргазмага сохта ҳужжат билан кириб олган.
Сўнгги маълумотларга кўра, қотиллик содир бўлгач, полиция томонидан отиб ташланган жиноятчининг уйида тинтув ўтказилган. Унинг онаси ва синглиси қўлга олинган.
Туркия Ташқи ишлар вазири қотиллик юзасидан тергов-суоиштирув ишлари олиб борилаётганини, бу ишга алоқадор бўлган шахслар қўлга олиниши ва жазоланишини айтган.
Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Жон Керри қотиллик юзасидан тергов ишларида ёрдам бериш таклифини билдирди.
Туркия президентининг матбуот котиби берган хабарга кўра, Ражаб Тойиб Эрдўған қотиллик юзасидан Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган.
Маълумот учун, Россиянинг туркиядаги элчиси Андрей Геннадьевич Карлов 1954 йилнинг 4 февралида Москвада туғилган. Карлов Россиянинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида 2013 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган эди.