Туркия Республикаси ташкил топгандан буён мамлакат тарихида тўртта ҳарбий тўнтариш амалга оширилди, 15 июлдаги исён бешинчиси ҳисобланади.
Шу ўринда мамлакат тарихидаги ҳарбий тўнтаришларга қисқача назар ташласак: 1960 йил 27 май куни Туркия президенти Маҳмуд Бояр ва бош вазир Аднан Мендерес ҳокимиятидан норозилик туфайли ҳарбий тўнтариш амалга оширилди. Бояр ва Мендерес қамоққа олинди. 1961 йилда эса бош вазир қатл этилди. Бояр бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
1971 йилнинг 12 мартида Туркияда яна ҳукуматдан норози бўлган ҳарбийлар Мамдух Тағмач бошчилигида исён кўтаришди. Бу гал ҳам мавжуд ҳукумат ағдарилди. Ҳарбийлар талабини қабул қилмаган бош вазир Сулаймон Демирел истеъфо беришга мажбур бўлди.
1980 йил 12 сентябрь генерал Кенан Эврен ва Туркия армиясининг тўрт нафар олий қўмондони Сулаймон Демирел бошчилигидаги ҳукуматни ағдариб ташлайдилар. Ҳарбийлар Миллий хавфсизлик кенгаши тузиб, парламентни тарқатиб юбордилар. Конституция бекор қилинди. Шундан сўнг Ёвропа иқтисодий кенгаши Анқара билан муносабатларни тўхтатган.
1997 йил 28 июль ҳарбийлар Туркияда давлат арбоби Мустафо Камол Отатурк тамойилларига амал қилишни кафолатлайдиган Меморандумни ишлаб чиқдилар. Ҳарбийлар босими остида бош вазир Нажмиддин Эрбакан бу ҳужжатга имзо чекишга мажбур бўлди. Бу сафар ҳарбийлар парламентни тарқатиб юбормади ва конституция бекор қилинмади. Орадан кўп ўтмай Эрбакан истеъфо берди.
2016 йил 15 июлдаги ҳарбийлар тўнтариши муваффақиятсизлик билан тугади. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни ҳокимиятдан ағдаришга ҳаракат қилган исёнчилар уни янада кучайтириб юборишди.
Бунинг асосий сабабларида бири халқ ҳарбийларни қўллаб-қувватламади ва исёнчиларга қарши курашиш учун кўчага чиқди.
Туркия ҳукумати мамлакатда амалга оширилган ҳарбий тўнтаришлар ортида Фатҳуллоҳ Гулен террорчи гуруҳи (FETO)ни айбламоқда.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси бўлган воқеаларга нисбатан берган расмий баёнотига кўра, исён пайтида 190дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди ва 1400дан ортиқ одам жароҳатланди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Туркияда исёнга алоқадор шахсларни ҳибсга олиш ишлари давом этмоқда. Шу кунгача 7543 киши қўлга олинди. Уларнинг 100 нафари полиция ходими, 6038 нафари ҳарбий хизматчи, 755 нафари судья ва прокурор, 650 нафари оддий халқ вакили бўлган. Туркия хавфсизлик кучлари ходимлари ҳарбий тўнтаришга уриниш билан боғлиқ текширувлар доирасида жами 103 генерал ва адмирални қўлга олди.
Туркиядаги исёнга алоқадор саккиз киши Грецияга ўғирланган вертолёт орқали қочиб кетди. Орадан кўп ўтмай Греция ҳукумати вертолётни қайтарди, унда учиб келганларни эса ҳали Туркия ҳукуматига топширгани йўқ.
Туркияда давлат тўнтаришига ҳаракат юзасидан тергов ишлари давом этмоқда. Мамлакатда исёнчилар туфайли ўлим жазоси қайтадан тикланиши мумкинлиги ҳақида маълум қилинди.