...
МЕНЮ
ONLINE TV

Туркия миллий бирлик ва демократия қаҳрамонларини ёдга олди


11:30, 16.07.2018 Олам
 2 044

Аҳмед Башар Шен сўзга чиқиб, 2016 йил 15 июлдаги ҳарбийлар тўнтаришининг муваффақиятсизликка учрашида халқнинг роли ҳақида гапирди.

Кеча, 15 июль куни Туркия элчихонаси Демократия ва миллий бирлик кунида 2016 йил шу куни амалга оширилган тўнтаришда ҳалок бўлган қаҳрамонларни хотирлаш маросимини ташкиллаштирди.
 
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмед Башар Шен бош-қош бўлган тадбирда Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчиси, Туркия фуқаролари ва ўзбеклар иштирок этди.
 
Тадбир аввалида Туркия мадҳия янгради ва Ҳасанхон Абдумажихонов тўнтаришда ҳалок бўлганлар хотирасига Қуръон тиловат қилди.




 
Шундан сўнг, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмед Башар Шен сўзга чиқиб, 2016 йил 15 июлдаги ҳарбийлар тўнтаришининг муваффақиятсизликка учрашида халқнинг роли ҳақида гапирди.


 
“2016 йл 15 июль куни Туркия Республикаси тарихидаги энг қонли тўнтаришга, шунингдек, энг қамровли террор ҳужумига учради. Турк халқи кўчаларни ёпиб, одамлар устига танк сурган, пастлаб учиб Парламент биносини портлатган реактив самолётлар, одамларга ўт очган вертолётлар ва ўз халқига қурол ўқталган хоинлар олдида танасини қалқон қилди. Ана шу халқнинг ўша тунда ҳалок бўлган 251 нафар фарзанди ўз исмини тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан ёздирди. Шунинг учун, 2016 йил 15 июль санаси турк халқи учун қаттиқ оғриқ ва хиёнат, ҳамда буюк ғалаба ва ғурур манбасидир”, деди Туркия элчиси.
 Элчи Аҳмед Башр Шен 15 июль воқеалари Туркия Республикасининг нафақат сиёсий, иқтисодий ва дипломатик ҳужумларга, шу билан бирга, ичкаридан келиб чиқувчи хиёнатларга ҳам қаршилик кўрсата олишининг исботи бўлганини таъкидлади.
 
Аҳмед Башар Шен 1999 - 2000 йилларда Ўзбекистон турк мактаблари деб номланган ФЕТО ўқув муассасаларини биринчилардан бўлиб ёпганини яна бир бор юқори минбардан туриб қайд этди.
 
“Мезбонимиз бўлган қардош давлат Ўзбекистон ФЕТО хавфини дунёда биринчи бўлиб сезган ва бу хоинларнинг бу ерда жойлашиб олишларига, фаолият юритишларига жуда эрта босқичдаёқ рухсат бермаган. Шу сабабли ФЕТОга қарши курашда Ўзбекистон бошқарувига нисбатан қадрлаш ва миннатдорчилик ҳисларимизни яна бир бора изҳор этмоқчиман. Бунинг соясида биз бугунги кунда бирон тўсиққа учрамай, икки томонлама алоқаларимизни энг юқори даражага олиб чиқиш учун қилган сай-ҳаракатларимиз самарасини кўрмоқдамиз”, деб таъкидлади элчи.
 
Нутқи сўнгида элчи 15 июль миллий бирлик ва демократия куни хоинларга қаҳрамонона қарши чиққан фуқароларни яна бир бора миннатдорчилик туйғулари ила ёдга олди ва уларнинг ортида қолган оилаларига ҳамдардлик билдирди.
 
Маълумот ўрнида, 2016 йил 15 июлдаги тўнтариш устидан халқ билан бирликда эришилган ғалабадан кейин  “15 июль - Демократия ва миллий бирлик куни” деб эълон қилинган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ФЕТО мактабларини ёпганини Туркия ОАВи ва юқори мартабали амалдорлари бот-бот эсга олган эди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Туркия тўнтариш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!