...
МЕНЮ
ONLINE TV

Трамп ва Путин нега Хельсинкида учрашади? Бунинг 4 сабаби маълум


21:08, 03.07.2018 Олам
 5 557

Бугунги кунда Оқ уй ва Кремль Хельсинкидаги учрашув рус-америка муносабатларини яхшилашига умид қиляпти.

Аввалроқ, “Qalampir.uz” Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп Финляндия пойтахти Хельсинки шаҳрида учрашиши ҳақида хабар берган эди.
 
Финляндиянинг “Ilta-Sanomat” нашри учрашув жойи сифатида нега айнан Хельсинки танланганига тўрт сабаб келтирди.
 
Финляндиянинг тарихий роли
 
1975 йил АҚШ президенти Жеральд Форд ва Совет Иттифоқи Марказий коммунистик партияси Бош котиби Леонид Брежнев Финляндияда учрашган эди. Музокаралар якунида Хельсинки битими имзоланган. Уни 35 давлат раҳбари имзолаган. Келишув коммунистик ва капиталистик давлатларни яқинлаштиришни кўзда тутарди.
 
1990 йил Совет Иттифоқи парчаланишидан бир неча ой аввал, катта Жорж Буш ва Михаил Горбачёв Хельсинкида Форс кўрфазидаги инқирозни муҳокама қилган.
 
1997 йил Финляндия президентининг расмий резиденцияси Мянтюниемида АҚШ президенти Билл Клинтон ва Россия президенти Борис Ельцин рус-америка музокараларини ўтказган.
 
Бугунги кунда Оқ уй ва Кремль Хельсинкидаги учрашув рус-америка муносабатларини яхшилашига умид қиляпти.
 
Финляндия НАТО аъзоси эмас
 
Яна бир сабаб, Финляндия нейтрал ҳудуд, негаки у НАТОга аъзо эмас. Финляндиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги уни Ғарб билан боғлайди, бундан ташқари мамлакат Қўшма штатлар билан ҳам Россия билан ҳам яхши муносабатда.
 
Учрашув учун қулай ўриндалиги
 
Хельсинкининг тарихий аҳамиятига қўшимча тарзда унинг логистик қулай жойда жойлашгани келтирилади. Трамп рус-америка учрашувидан аввал 11-12 июль кунлари Брюсселда НАТО саммитида иштирок этади. Кейин 13 июлда Британияда Бош вазир Тереза Мэй ва қиролича Елизавета II билан учрашади. 15 июль куни Москвада футбол бўйича жаҳон чемпионати якунланади. Президент Путин Хельсинкига етиб бориши учун 30 дақиқалик парвоз етарли бўлади.
 
Шахсий сабаблар
 
Ушбу воқеалар ўртасидаги оралиқ вақтнинг камлиги Россия президентига максимал эътиборни ўзи ва мамлакатига қаратиш имкониятини беради. Путин йирик спорт тадбирида иштирок этади, эртаси куни эса Трамп билан музокара ўтказади.
 
Бошқа тарафдан “Ilta-Sanomat”нинг ёзишича, Хельсинкидаги саммит халқаро муносабатларда муҳим аҳамиятга эга бўлган рамзий ишора бўлади. Трамп Путин билан учрашиш учун НАТО саммитини тарк этади.
 
Эслатиб ўтамиз, Трамп НАТОдаги иттифоқчиларига ҳарбий харажатларини кўпайтириши кераклиги ҳақида хат ёзган эди. Иттифоқчиларнинг харажатлари кўпайиши АҚШга бироз енгиллик бериши кўзда тутилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:АҚШ-Россия Хельсинки 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!