Доналъд Трамп 2016 йилги сайловолди кампаниясида қурол савдосига нисбатан ҳар қандай чекловга қаршилигини билдирган.
Кеча, 19 февраль куни Флорида мактабидаги отишмадан тўрт кун ўтгач, АҚШ президенти Дональд Трамп ўқ отувчи қуролларни сотиш вақтида харидорларни кучлироқ текшириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Оқ уй вакили Раж Шаҳ берган баёнотига асосланиб, РИА Новости хабар берди.
Раж Шаҳнинг сўзларига кўра, президент республикачи-сенатор Жон Корнин билан бу мавзуга оид бўлган қонун лойиҳасини муҳокама қилган.
“Муҳокама давом этмоқда, (қонун лойиҳасига таклиф қилинган) тузатишлар ўрганилмоқда, лекин президент таржимаи ҳолларни текширувининг федерал тизимини яхшилашни қўллаб-қувватлайди”, деди Шаҳ.
Маълумот учун, АҚШда қурол олиб юриш ҳуқуқи Конституциянинг иккинчи тузатишида кафолатланган. Йирик таъсирга эга бўлган қурол-яроғ лоббилари қурол савдосини чеклашга бўлган ҳар қандай фаолиятга қарши. Шунга қарамай, сўровларга кўра кўплаб америкаликлар текширув кучайтирилишини қўллаб-қувватламоқда. Ҳозирда фуқаронинг судланганлиги, руҳий касалликка мойиллиги ва бошқа факторлар қурол сотиб олишга тўсқинлик қилса-да, бу тизим кўпинча айланиб ўтилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги президент Доналъд Трамп ҳам 2016 йилги сайловолди кампаниясида қурол савдосига нисбатан ҳар қандай чекловга қаршилигини билдирган эди.