Япония ҳукумати ўзбекистонлик Мироқил Фозиловни император ордени билан мукофотлади.
75 ёшли Мироқил Фозилов ота касбини давом эттириб, ўз ишига садоқат ва масъулият билан ёндошгани сабаб Япониянинг олий мукофотига сазовор бўлди.
“Чиқаётган қуёш, кумуш нурлар” ордени назоратчига 40 йил давомида "Фозил ота" қабристонига дафн этилган япон фуқароларининг қабрларини обод қилиш билан шуғуллангани учун тақдим этилди. Бу қабристонда асосан Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ўзбекистон пойтахтига сургун қилинган япон ҳарбий асирлари дафн этилган.
Фозиловнинг отаси ҳам 60 йил давомида ушбу қабристон назоратчиси бўлган ва Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов топшириғи билан мазкур қабристонга "Фозил ота" номи берилган эди.
Маълумот ўрнида, Россия Давлат архивида сақланаётган маълумотларга қараганда, 1945 йил Собиқ Иттифоқ аскарлари томонидан 640 мингга яқин япон императори аскарлари қамалга олинган. 1945 йилдан 1957 йилгача 547 минг аскар ватанига қайтиб кетган.