Хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган капитан Баҳром Жўраев хотирасига бағишлаб, ўзи таҳсил олган мактабда бюст ўрнатилди.
Тадбирда қаҳрамоннинг отаси Улуғбек Жўраев, устозлари, бирга таҳсил олган ва хизмат қилган сафдошлари, курсантлар ҳамда ўқувчилар иштирок этди. Ёдгорлик олдида Баҳромнинг болалик йиллари, орзулари, интилишлари ва кўрсатган жасорати ёдга олинди.
1979 йилнинг 21 ноябрида Тошкент шаҳрида туғилган Баҳром Жўраев болалик йиллариданоқ ҳарбийлик касбига меҳр қўяди. Орзулари уни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ҳозирда Қуролли Кучлари академияси) томон етаклайди.
Курсантликнинг биринчи йили ёлғиз фарзандлиги, ота-она меҳридан айро яшагани учун қийин кечди. Шундай бўлса-да, у ўз олдига қўйган мақсади сари дадил интилди. Ўқиб-ўрганди, етук офицер бўлди. Бир неча йил Шарқий ҳарбий округидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилди.
2005 йилнинг 13 майида Андижон шаҳрида ноқонуний экстремистик кучлар томонидан содир этилган воқеалар халқимиз иродасини яна бир бор синади. Капитан Баҳром Жўраев каби мард, фидойи ўғлонлар юртни мардонавор ҳимоя қилишда кўксини қалқон қилди.
“Дўстим Баҳромжон билан олий ҳарбий таълим муасасасида бирга ўқиганмиз. У гуруҳимизнинг фахри эди, бугун эса халқимизнинг ифтихорига, қаҳрамонига айланди”, дейди мард ўғлонни хотирлаб подполковник Сарвар Мамаюсупов.
У содда, мард ҳамда дўсти учун жонидан кечадиган йигит эди. Буни амалда исботлади. 13 май санасида Андижон шаҳридаги Чўлпон проспектида қуролланган жиноятчилар тўдаси тўсатдан пайдо бўлди. Қора ниятли кимсалар гаровга олган одамларни ўзига пана қилган ҳолда турли томонга ўқ отиб, ҳарбий хизматчиларга яқинлашиб кела бошлади.
Капитан вазиятни дарҳол англаб, ўз ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигига қарамай, жиноятчиларга қарши тик борди ва улардан қуролларини топширишни ва гаровга олинганларни қўйиб юборишни қатъий талаб қилди.
Бу талабларга жавобан жиноятчилар аёвсиз ўт очишди ва капитанни ярадор қилишди. Шунга қарамай, командир бўлинмани бошқаришда давом этди. Ўз командирининг жасоратидан руҳланган шахсий таркибнинг дадил ҳаракатлари туфайли жиноятчилар кўп талофат кўрди ҳамда қуролсизлантирилди. Гаровга олинганлар озод қилинди. Бироқ капитан Баҳром Жўраевнинг олган жароҳати оғир эди.
Капитан Жўраев кўрсатган фидойилиги учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 23 майдаги Фармонига мувофиқ II даражали “Шон-шараф” ордени билан (вафотидан сўнг) мукофотланди.
Тадбир сўнгида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари томонидан капитан Баҳром Жўраевнинг отаси Улуғбек акага Мудофаа вазири номидан бир марталик пул мукофоти ҳамда совғалар топширилди.