Йўл белгиларининг бундай тарзда ўрнатилиши дарҳол кўзга ташланиши билан аҳамиятлидир.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда кўриниб турганидек, пиёдалар йўлни кесиб ўтишини билдирувчи йўл белгисининг четига сариқ рангда ҳошия чизилган.
Маълумотларга кўра, бундай белгилар Келес йўли ва Меҳр кўчаларига, “Чилонзор” метро бекати атрофидаги чорраҳага ўрнатилган.
Мазкур масала юзасидан таҳририятимиз ходимлари Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан боғланди.
Баҳодир Мусаназаров, Тошкент шаҳар йўл хавфсизлиги бошқармаси Йўл назорати бўлими бошлиғи:
— Сариқ ҳошияли пиёдалар ўтишини кўрсатувчи йўл белгиларини ўрнатишни бошлаганимизга кўп бўлгани йўқ. Бу йўл белгиси ҳозирча синов тариқасида ўрнатилмоқда. Агар йўл белгиси ҳайдовчилар учун қулайлик туғдириб, биз кутган натижани берса, уни бутун шаҳар бўйлаб ўрнатишни режалаштиряпмиз. Йўл белгисига сариқ ҳошия чизилиши – ҳайдовчиларнинг тунда хушёрлигини янада оширади.
Суҳбат давомиди Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили сариқ ва оқ ранглардан иборат пиёдалар ўтишини билдирувчи ётиқ чизиқлар ҳақида ҳам маълумот берди:
“Сариқ ва оқ ранглардаги ётиқ чизиқлар ҳам синов учун чизилган. Агар биз кутган натижага эришсак, янги ётиқ чизиқ аҳолига, хусусан, пиёдалар ва ҳайдовчиларга қулайлик туғдирса, пиёдалар ўтишини билдирувчи ётиқ қизиқлар бундан буён оқ ва сариқ рангларда бўлиши ҳам мумкин”.
Маълумотларга қараганда, оқ ва сариқ рангдаги ётиқ чизиқлар айни дамда Тошкент шаҳрининг ўндан ортиқ ҳудудларига чизилган. Агар йўл белглари ва ётиқ чизиқларда оқ ва сариқ ранглардан фойдаланиш борасида юқоридаги ишлар кўлами кенгайса, йўл ҳаракати қоидалари ва ўқитиш тизимига, хусусан, йўл ҳаракати қодилари китобига ҳам ўзгартиш киритилиши мумкин.