Толибжон Исроилов телевидениедаги бугунги вазият кўп жиҳатдан ижодкорларга боғлиқлигини айтаркан, уларга нисбатан тўсиқлар ҳам кам эмаслигини ёзади.
Бир вақтлар халқимизнинг севимли кўрсатувларидан бирига айланиб, ҳар тонг миллионлаб оилаларга ғойибона кириб борган, бугун эса ҳаминқадар кун кўраётган “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувининг собиқ бошловчиси Толибжон Исроилов ҳам телевидениенинг бугунги фаолиятига танқидий баҳо берди.
“Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси катта мактаб ва анъаналарга эга маскан эди. Атиги 2-3 та канал, устоз ва шогирдлик анъналари, ўнлаб зўр, халқчил кўрсатувлар ҳамда бир қанча яхши телебошловчилар бўлган. Телеканаллар сони ошгани сайин мавжуд мактаб йўқолиб кетди ҳисоб... Балки, тараққиёт талабидир, балки олдинги телеижод услублари эскиргандир. Аммо содда, самимий кўрсатувлар йўқ бўлиб, бори ҳам жўнлашиб кетди, назаримда”, дейди собиқ сухандон.
Толибжон Исроилов телевидениедаги бугунги вазият кўп жиҳатдан ижодкорларга боғлиқлигини айтаркан, уларга нисбатан тўсиқлар ҳам кам эмаслигини ёзади:
“Шубҳасиз, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида кучли, шахсий фикрига эга ижодкорлар бор, аммо уларга ижод учун тўсиқлар кўп. Ёки қандайдир шароит етишмаётгандек...”
Толибжон Исроилов мулоҳазаларида телеканаллар фаолиятига четдан назар ташлайди, улардаги бир хиллик, ҳатто, каналлар логотипларида ҳам сезилишини айтади:
“Деярли ҳамма логотип, яъни телеканал рамзлари бир хил. Зерикарли, қўпол. Ахир давлат байроғимиздан фойдаланиб, бир-биридан фарқли рамзлар ўйлаб топса бўлади-ку. “Лейбл” дейиларди ТВда”, деб ёзади диктор.
У ўз фикрларига якун ясар экан, ТВда кўп йиллар фаолият юритган одам сифатида унинг бугунига бефарқ эмаслигини ёзган:
“Бугун давлат телеканалларида билимли, ҳаракатчан ёшлар бордир... Фақат уларга имконият берилиши керак. Шундагина креатив янгиликлар сезилади. Камина ТВда суяги қотган одам сифатида қадрдон масканимнинг бугунига бефарқ эмасман...”
Маълумот учун, Толибжон Исроилов узоқ йиллар “Ўзбекистон” телерадиоканали орқали эфирга узатилган “Ассалом, Ўзбекистон” кўрсатувида бошловчилик қилган. Кейинчалик у фаолиятини хусусий телеканалларда давом эттирди. Бироқ унинг нодавлат телеканаллардаги фаолияти узоққа чўзилмади.