Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишида қатнашди.
Кеча, 16 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Мажлисда МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мажлис якунига кўра МДҲнинг 25 йиллиги муносабати билан, халқаро терроризмга қарши биргаликда курашиш тўғрисида ва БМТ Бош ассамблеясининг бутун жаҳон наркотик муаммоси бўйича Махсус сессияси якунлари бўйича баёнотлар қабул қилинди, шунингдек, МДҲнинг замонавий воқеликка мослашиши тўғрисидаги қарор, Терроризм ва экстремизмнинг бошқа зўравонлик кўринишларига қарши курашишда МДҲ иштирокчи давлатларининг 2017-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда кун тартибига киритилган бошқа ҳужжатлар имзоланди.
МДҲнинг навбатдаги Саммити 2017 йил Ҳамдўстлик раислигини қабул қиладиган Россияда бўлиб ўтади.