Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан Конституция брайл ёзувида чоп этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси брайл ёзувида чоп этилди.
Бугун, 7 декабрь куни айни дақиқаларда Тошкентдаги Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги директори Комилжон Алламжонов иштирок этиб, сўзга чиқди.
Алламжонов ўз чиқишида мамлакатда кўзи ожизларга қаратилган эътиборни эътироф этиб, соҳадаги қатор муаммолар ҳақида сўз очди.
Тадбирда кўзи ожизлар мактаб-интернети ўқувчилар хор жамоаси болалари Ватан ҳақидаги қўшиқни жонли ижрода куйладилар. Бу қўшиқни эшитсангиз эди, болалар Ватанни қалб кўзи билан кўраётганини ҳис этардингиз.
Учрашувда мактаб ўқувчиларига Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги номидан совғалар топширилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси брайл ёзувида "Ёғду" нашриёти томонидан чоп этилган.