Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9 ноябрь куни вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг юридик хизмат ходимлари иштирокида “Норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида анжуман ўтказилган эди.
Анжуманда юридик хизмат ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари ҳамда Ҳукуматнинг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳали-ҳануз қатор камчиликларга йўл қўйиб келинаётгани, бу эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматига киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари ва масалаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрланишига тўсқинлик қилаётганлиги таъкидланган.
Тадбирда вазирлик ва идоралар томонидан ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш борасидаги ишлари қониқарсиз даражада эканлиги айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишда Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идораларга уларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқори турувчи қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тақдимномалар киритилади ва уларнинг бажарилиши аҳволи назорат қилинади.
Шу ўринда, айрим вазирлик ва идоралар томонидан мазкур тақдимномалар бажарилмагани, шунингдек Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг мансабдор шахсларига нисбатан мазкур ҳолат бўйича маъмурий жазо чоралари қўлланилгани таъкидланди.