
Олим Президентнинг чиқишлари, илгари сураётган ғоялари унинг фаолиятида чин дастуриламал бўлаётганини таъкидлайди.
“Жонажон мамлакатимизнинг кўпгина фидокор кишилари қатори давлатимизнинг юксак унвони билан тақдирланганим умримнинг 80-довонида менга ноёб нашида ва қувончлар олиб келди. Улуғ эътиборга сазовор қутловингиз эса нафақат менинг ҳаётимда, балки адабиётимиз ва санъатимизнинг замонавий тарихида янги, ёрқин саҳифа очди. Бу эъзозу икромлар учун Сизга ўзим ва оилам номидан чексиз миннатдорлик ва ташаккурларимизни изҳор этишга ижозат бергайсиз”, деб бошланади адибнинг мактуби.
Иброҳим Ғафуров сўзида давом этар экан, Президентнинг чиқишлари, илгари сураётган ғоялари унинг фаолиятида чин дастуриламал бўлаётганини таъкидлайди:
“Коинотда ўз мангу сафарини бошлаган ҳаётбахш Қуёшнинг тонгги нурлари билан табрик сўзларингиз юрагимизга етиб келди. Бу сўзларни ва барча маърузаларингизда баён этилган ҳозирги глобал дунё ишлари билан чамбарчас боғланган эзгу ғояларни ватандошларим каби ўзим учун чин дастуриламал деб биламан. Барча ижод аҳли ҳам уларни шундай қабул қилмоқда.
Менинг ижодкорлик қувончларим Конституциямизнинг 25 йиллиги байрами кунларида мамлакатимиз вилоятлари ва туманларида бошланган учрашувлар шодиёналарига — китобхонлик байрамларига уланиб кетди. Бу байрамлар одамларни руҳлантирди, адабиёт ва санъатга меҳр-муҳаббат уйғотди. Биз мамлакатимизда кенг қанот ёзган ислоҳотларни жон-дилдан қабул қилаётган, ҳаётга татбиқ этаётган фидойи инсонларни кўрдик, улар ўзларини ислоҳотларга том маънода дахлдор билиб, амалий ишлар учун ғайрат камарини маҳкам боғлаганларидан қувондик.
Ҳақиқатан ҳам, Сизнинг Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этайлик, деган сўзларингиз миллионлаб софдил юракларда акс садо топмоқда. Ёзувчи, ижодкор инсон буларни кўрмаслиги, сезмаслиги, ўзи учун хулосалар чиқармаслиги мумкин эмас.
Ҳаёт ноҳақликлардан тозаланиб, чорасизликда қолганлар, йўлини йўқотганлар, умидсизликда адашганларга Президент ташаббуслари билан пайдар-пай етиб турган нажот — тарихда ноёб мулоқотлар, оқилона стратегиянинг тўғридан-тўғри натижасидир.
Узоқ тарихий анъаналаримизнинг аён ҳақиқати шулким, Ўзбекистонимиз экстремизм урчийдиган замин эмас. Бу иллат бизга тамомила ёт! Халқимизнинг асрий ҳаёт таомилларига, удумларимизга, феълу атворимизга бутунлай бегона.
Биз ислом дини ва маданиятидан гўзал ахлоқ, сулҳ, тинчлик, омонлик, эҳсонни қабул қилганмиз, муқаддас илоҳий оятлар мағзини шундай чақиб келганмиз. Шунинг учун асрларча давом этаётган тарих йўлларидан бардам, омон, шижоат билан ўтганмиз, ўз миллий цивилизациямизнинг тамал тошларини қўйганмиз.
Халқимиз интеллектуал ахборот замонасига, инновацион ғояларга, улар қанчалар мураккаб бўлмасин, ақл-идроки билан ҳамоҳанг бўлишни истайди. Ўз мамлакатини бу қийин, машаққатли дунёда қудратли, шу билан бирга, тугал хавфсиз кўришга интилмоқда”.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатнома билан чиққан эди. Президентнинг 4 соат давом этган Мурожаатномаси нафақат ўзбекистонликлар, балки халқаро сиёсатчилар, мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда. Иброҳим Ғафуров ҳам мактубда айнан шуларга қуйидагича тўхталади:
“Хавфсиз Ўзбекистон! Нақадар олижаноб сўз! Сиз яқинда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатноманинг теран ва мукаммал руҳи ахир шу эмасми! Шу олий мақсад учун бутун Ўзбекистон аҳли ҳар қанча тер тўкишга, нодир истеъдодларни сафарбар этишга, ҳар қандай қийинчиликларни матонат ва ғайрат билан енгиб ўтишга тайёрмиз, демоқдалар.
Бугун изчил саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизнинг дунёда обрў-эътибори кун сайин ортиб бормоқда. Замона тили билан айтганда, рейтинги кўтарилмоқда. Ватанимизнинг умидбахш уфқлари кенг очилмоқда. Истиқлол, озодлик, демократия асл қиёфасини янгидан кашф қилмоқда. Олдимизда улуғ довонлар бор. Халқ уларни ишғол қилиш қудратига эга. Бунга мустаҳкам замин барпо этилди.
Сизга Ватанимиз равнақи йўлидаги шижоатли саъй-ҳаракатларингизда янгидан-янги зафарлар тилаймиз.
Халқнинг бахт-саодати, орзулари Сизга куч-ғайрат ато этсин!”