Зокир Алиев 22 июнгача ҳибсда сақланган, сўнг унга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилган.
Зокир Алиев 22 июнгача ҳибсда сақланган, сўнг унга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, Қашқадарёдан чиқиб кетмаслик шарти билан қўйиб юборилган. Унга нисбатан 2005 йили Жиноят кодексининг 159, 223 ва 224-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
2 июль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Зокир Алиевга нисбатан ҳукм чиқарди. АҚШ фуқароси З.Алиев Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисмида (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-2-моддаси 1-қисмида (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.
“Суд Ўзбекистон Конституцияси ва жиноят қонунчилигида ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик, бағрикенглик ва адолат тамойилларидан келиб чиқиб, судланувчига жазо тайинлади”, дейилади Олий суд матбуот котиби томонидан тарқатилган ахборотда.
Суд Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ва 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда, Зокир Алиевга 18 йил аввалги (яъни, жиноят содир этилган вақтдаги) энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баробари миқдорида – 1,5 миллион сўм жарима жазоси тайинлаган.
Зокир Алиев 2000 йилдан бошлаб Ўзбекистонга келгунига қадар 18 йил давомида жиноий фаолият билан бошқа шуғулланмаган.