Бугун, ЎФФ терма жамоани бошқаришга номзод мураббийлар номини эълон қилди. Уларни кўриб шунчаки йўқ дегинг келади...
Кейинчалик ЎФФ МТЖнинг янги мураббийи чет элдан бўлиши ҳақида хабар бериб, терма жамоага вақтинчалик “Насаф” устози Рўзиқул Бердиевни мураббий сифатида тайинлаганди.
Ўзбекистон футбол федерацияси бугун, 23 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий жалб этиш бўйича бир неча хорижлик мутахассислар билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида расман эълон қилди.
Демак, Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши мумкин бўлган мураббийлар қаторида фаолияти давомида Россия, Польша, Хитой ва БАА чемпионатларида фаолият олиб борган 49 ёшли руминиялик Дан Петреску ҳамда Франция, Сербия, Украина, Россия чемпионатида ҳаракат қилувчи кўплаб клубларда ишлаган 64 ёшли сербиялик Славолюб Муслин каби мутахассислар мавжуд.
Шунингдек, Тошкентнинг “Пахтакор” ҳамда Москванинг “Динамо” каби клубларидаги фаолияти орқали ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш бўлган 50 ёшли черногориялик мутахассис — Миодраг Радулович ҳам мазкур номзодлар қаторидан ўрин эгаллаган.
Шу билан бирга, италиялик 52 ёшли мураббий Анжелио Алессио (“Наполи”, “Ювентус”, “Челси” клублари ва Италия терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган), германиялик 54 ёшли Бернд Шторк (“Штутгарт”, “Вольфсбург”, “Боруссия” Дортмунд клублари, Қозоғистон, Венгрия терма жамоаларини бошқарган) ва хорватиялик Бранко Иванкович (Эрон миллий терма жамоаси, “Ал-Иттифоқ”, “Ал-Ваҳда”, “Персеполис” клубларида бош мураббий сифатида фаолият юритган) билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Англиянинг “Вест Хэм” клуби собиқ мураббийи Славен Билич, “Наполи”, “Интер”, “Уотфорд” каби клубларни бошқарган италиялик 56 ёшли мутахассис Вальтер Маццари, “Фейнорд”, “Боруссия” Дортмунд, “Гамбург” клублари ва Голландия, Саудия Арабистони каби терма жамоаларда фаолият юритган голландиялик мутахассис Берт ван Марвейк ҳам музокаралар олиб борилаётган мутахассислар орасида мавжуд”, дея ёзмоқда ЎФФ Матбуот хизматининг расмий саҳифаси.
ЎФФ ўз ваъдасига мувофиқ чет элдан мураббий олиб келишни режалаштирмоқда, лекин юқоридаги мураббийлар қаторида деярли барчаси ўз касбини юқори малакали мутахассислари, дея олмаймиз.
Агар Берт ван Марвейкнинг Саудия Арабистонини жаҳон чемпионатига олиб чиққанини инобатга олмасак, Славен Билич куни кеча ёмон натижалари сабаб “Вест Хэм”даги ўринин бўшатиб қўйди.
Миодраг Радулович ва бошқа номзодларни ҳам шахсан Ўзбекистон МТЖда мураббий сифатида ишлаб кета олишларига ишониш қийин.
Энг яхши йўл — юқоридаги мураббийлар номзодидан воз кечиб, бошқа ишсиз юрган ёки шартномаси яқинда якунланадиган кучлироқ мутахассисни излаб топиб, унинг олдига 4 йиллик шартнома ва Ўзбекистон терма жамоасини ЖЧ-2022 мусобақасига олиб чиқиш вазифасини жиддий тарзда юклатиш даркор.
Акс ҳолда, ўзбекистонлик футбол мухлисларинг ЖЧга чиқиш орзулари яна узоқ йилларга чўзилиши мумкин.
ЎФФ раҳбариятидан бу масалада узоқроқ ва пухта ўйлаб қарор қабул қилиш кераклигини сўраган бўлардик.