“Мени ташлаб кетмайдилар, аксинча, мен улардан воз кечаман!”, деб ёзган Нуралиев айтганининг “устидан чиқди”.
Хушчақчақ, одамлар юзига табассум улашишни яхши кўрадиган, оддий қилиб айтганда, бир гапириб ўн куладиган Шуҳрат Нуралиевнинг тўсатдан вафот этиши нафақат мухлисларни, балки уни яқиндан таниган-билган, бир саҳнада ижод қилган касбдошларини ҳам эсанкиратиб қўйди.
Шуҳрат Нуралиев оғир хасталик — қандли диабет сабаб оламдан ўтди. Нуралиев ўзининг бетоблигини биларди. Вафоти бу қадар яқинлигини-чи..?
Шуҳрат Нуралиев ҳақида шов-шувли хабарлар тақалган заҳот у билан яқин муносабатда бўлган, таниганлар, суҳбатдош бўлганлар ижтимоий тармоқларга актёрнинг суратини жойлаштириб, унга соғлик тиладилар. Кимдир актёрни бундан бир ой аввал кўрганини ёзса, бошқаси телефонда гаплашганини хотирлайди.
Биз эса Шуҳрат Нуралиевнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига суратларини олиш учун назар ташладик ва саҳифа бошида актёр ёзиб қолдирган гаплар эътиборимизни тортди. У шундай ёзади:
“...Мени ташлаб кетмайдилар, аксинча, мен улардан воз кечаман!”
У айтганининг “устидан чиқди”. Шуҳрат Нуралиев умрининг сўнгги кунларида нималарни ҳис қилгани, қандай кешмишларни бошидан кечиргани, дард билан қандай курашгани бизга қоронғу. Унинг шахси ҳақида сўз кетганда саҳнадаги Шуҳратга баҳо берамиз, халос. Саҳна ортидаги дардлар, йўқотишлар, қайғулар эса кўпинча назардан четда қолади.
Айни дамда ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Нуралиевнинг яқинлари билан Telegram мессенжери орқали “суҳбати” тарқалмоқда. Унда Нуралиев театрдан ҳайдалгани, кинофильмларда суратга тушишига ҳам тақиқ қўйилганини ёзади.
Фильмлар борасида тақиқдан хабаримиз йўқ, аммо 2011 йилда Шуҳрат Нуралиев 8 йил давомида фаолият юритган Ўзбек миллий академик драма театридан ҳайдалгани ҳақиқат. Шундан сўнг у режиссёрликка қўл урди. “Турмуш — мушт”, “Акажон, хизматингиздамиз” фильмларини суратга олди.
Нуралиев вафот этди, аслида вафот этмай туриб “ўлди” деб “суюнчи” олдилар. Уни миш-мишлар охирги дақиқаларгача тинч қўймади. Энди етар! Ижтимоий тармоқларда унинг ҳаёти давомида босиб ўтган йўли, қийинчиликлари, тақиқлару ҳайдалишларини муҳокама қилишдан наф йўқ. Вақтимизни у ҳақидаги яхши гапларни тарқатишга сарфлайлик.
Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Нуралиев кеча, 23 ноябрь куни Тошкентдаги “Ваққос ота” қабристонига дафн этилди.