Асли андижонлик бўлган хонанда айни дамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилмоқда. Биз у билан суҳбатлашишга қарор қилдик.
Уларнинг орасида “Ниҳол” мукофоти соҳибаси Ширин Маматова ҳам бор. Асли андижонлик бўлган хонанда айни дамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилмоқда. Биз у билан суҳбатлашишга қарор қилдик.
– Маданият ходимлари оилаларига янги уйлар берилди. Уларнинг орасида сиз ҳам бор экансиз.
– Очиғини айтсам, мен учун кутилмаган совға бўлди. Арзимас меҳнатимиз учун берилган бундай рағбат биз каби ёшларнинг куч ва ғайратимизни оширади. Яна бир гапни айтишим керак: буларнинг барчаси ота-онамнинг меҳнатлари самараси. Дадам кичкиналигимдан барча кўрик-танловларга ўзи олиб борар эди. Операчи бўлиб етишишимга ҳам у киши сабабчи. Шунинг учун мен отамдан жуда ҳам миннатдорман ва айта оламанки, бугунга қадар эришган ютуқларимнинг асл эгаси бу ота-онам.
– Уйингиз неча хонадан иборат? Уни қандай жиҳозлашни истайсиз ва бу уйда ким билан яшамоқчисиз?
– Уй икки хонали, бу ерга кирганимда ўзбеклигимни ҳис қилишни истайман, шунинг учун уни классик йўналишда, миллийлигимизни ифодалаб турадиган, айниқса, Андижон вилоятини эслатиб турадиган аксессуарлар билан безатишни хоҳлайман ва албатта, ота-онам билан яшайман.
– Оила қуриш борасидаги режаларингиз қандай? Келажакда турмуш ўртоғингиз ва фарзандларингиз билан ушбу уйда яшаш ниятингиз борми?
– Тўғрисини айтсам, олдин бор эди. Аммо янги йилдан сўнг режаларим ўзгарди. Чунки чет эл саҳналарида ўз истеъдодимни намоён этишни мақсад қилганман. Айни пайтда оила қурсам, ижодимда танаффус кузатилади. Келажакда бу уйда оилам билан яшашга келсак, аниқ бир гап айтолмайман. Бўлажак турмуш ўртоғимнинг билдиражак фикрига боғлиқ.
– Турмуш ўртоғингиз қайси соҳа эгаси бўлишини хоҳлайсиз?
– Санъат соҳасига умуман яқин бўлмаган инсонга турмушга чиқмоқчиман. Чунки ёш санъаткорлар устоз даражасида тажрибага эга эмас ва менга устозлик даражасида бўлмаган ижодкорнинг устозлик қилиши ёқмайди. Ҳамда ижодимизда кўтарилиш поғанаси фарқ қилиб қолса, келишмовчилик келиб чиқиши мумкин.
– Келажакда каттароқ уй олиш истаги туғилса, бу уйни сотишингиз ёки ижарага беришингиз мумкинми?
– Йўқ. Бу Тошкент шаҳрида олинган илк уйим ва машаққатларим эвазига эришилган мукофот. Уни кўрганимда қилган меҳнатларим кўз олдимдан ўтади.