Дональд Трамп агар Шимолий Корея Гуам оролига зарар етказса, КХДРда мисли кўрилмаган воқеалар – талафотлар бўлишидан огоҳлантирди.
Май ойида Шимолий Корея “Хвасон-12” ракетасини синовдан ўтказди. Унинг таъсир радиуси 3700 километрдан 6000 километргача. Агар ракета таъсир кучининг радиуси 5500 километрдан ошса, у минтақалараро ракета ҳисобаланади. Гуам ҳамда Шимолий Корея ўртасидаги масофа эса тахминан 3400 километрни ташкил қилади.
Гуам ороли губернатори Эдди Кальво орол аҳлини хавсизликда эканлигини таъкидлади. АҚШга тегишли бўлган Гуам оролида 163 минг киши яшайди.
Дональд Трамп Нью-Жерсидаги таътили вақтида Шимолий Кореянинг барча таҳдидларига жавоб беришга тайёр эканлигини билдирди. Трамп Шимолий Корея раҳбари ҳақида сўзлаганида, уни “дипломатик тилга тушунмайдиган” одамга ўхшатди.
5 август куни БМТ Хавфсизлик кенгаши июль ойидаги ракета синови учун Шимолий Кореяга санкция эълон қилди. Янги чекловларга кўра, Пхеньян кўмир, пўлат, қўрғошин, темир ва темир рудаси, шунингдек, денгиз маҳсулотлари экспорт қилиши мумкин эмас. Бошқа мамлалакатлар ҳам КХДР билан қўшма корхоналар очиши тақиқланди.
Дональд Трамп бу борада Хитойга ҳам юзланган. У ХХР раиси Си Цзиньпиндан қўшни мамлакат раҳбарига босим ўтказишни сўради.
Россиянинг Шимолий Кореядаги собиқ элчиси КХДР атрофида юз бераётган можароларнинг аксарияти Дональд Трампнинг ҳаракатлари туфайли содир бўлаётганлигини таъкидлади. “АҚШ президенти ҳозирда ҳам ички сиёсатда, ҳамда жаҳон аренасида ўз мавқеини сақлаб қолиш ҳаракатида. Бу борада Барак Обама кутиш тизимини қўллар эди. Шимолий Корея Вашингтонга қарши ҳеч қачон илк ҳаракатни амалга оширмайди ва АҚШга қарши очиқ ҳарбий можарони фаоллаштирмайди”, дейди собиқ элчи.
АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Шимолий Кореянинг ҳатти-ҳаракатлари учун Хитой ва Россия ҳам масъул эканлигини таъкидлади. Улар Пхеньянга ядро ва ракета дастурларини амалга ошириши учун имконият яратиб беришган.
АҚШ президенти Дональд Трамп душанба куни интеллектуал мулк қоидаларини бузганлиги учун Хитойга қарши тергов ишларини бошлаш ҳақида буйруқ бериш арафасида. Хабарларга кўра, савдо вакили Роберт Лайтхайзер 1974 йилда қабул қилинган Қонуннинг 301 та бўлими бўйича суриштирув олиб боради.
Сўнгги хабарларга қараганда, Гуам миллий хавфсизлик бошқармаси ўзининг расмий сайтида аҳоли учун Шимолий Корея АҚШ ҳудудига қарата ракета ҳужумини уюштирган тақдирда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида махсус қўлланмани чоп этди. Унда бир неча тавсиялар келтирилган. Бунга жавобан Дональд Трамп ўзининг Twitter’даги блогига “Қуроллар ўқланган. АҚШ КХДРнинг барча таҳдидларига тайёр”, деб ёзиб қолдирди.
12 август куни Дональд Трамп ва ХХР раиси Си Цзиньпин телефон орқали мулоқот қилдилар. Суҳбат чоғида БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Кореяга нисбатан чиқарган резолюцияси Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим қадаб бўлганлиги таъкидланди.
Шунга қарамасдан, КХДР гўёки АҚШдан ҳимояланиш мақсадида бир неча марта ракета синовларини ўтказди. Юқорида айтилганидек, шу ҳафта икки мамлакат ўзаро таҳдидларни эълон қилишди. Дональд Трамп агар Шимолий Корея Гуам оролига зарар етказса, КХДРда мисли кўрилмаган воқеалар – талафотлар бўлишидан огоҳлантирди.