...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шенген визасини олиш энди қийин ва қимматроқ бўлади


19:43, 21.06.2018 Олам
 3 669

Европа Кенгаши шенген визасини бериш тартибини тубдан ислоҳ қилишни бошлаб юборди.

Шенген виза кодексини кенг қамровли ислоҳотлар кутиб турибди. Европа Кенгаши чегаралар назоратини мустаҳкамлаш ва ноқонуний мигрантлар оқимига қарши туришда янада самаралироқ чоралар муҳокамасини бошлашга рухсат берди.
 
Шунингдек, ислоҳотлар давомида дуруст, тартибли саёҳатчиларга виза олишда қатор енгилликлар яратиш кўзда тутилган.
 
Европа комиссияси томонидан тайёрланган таклиф тўрт амалий қисмдан иборат:
 
  • виза учун берилган ва Шенген маълумотлар баъзасига киритилган барча ҳужжатлар, автоматик тарзда криминаль полиция, аксилтеррор ва миграция хизматлари маълумотлар базаси билан солиштириб, текширилади;
 
  • биринчи марта ушбу маълумотлар базасига Европа Иттифоқи ҳудудидаги европалик бўлмаган одамларнинг чегарадан ўтиб юришларини назоратга олиш мақсадида  уларнинг узоқ муддатли виза ва яшаш рухсатномалари ҳақидаги маълумотлари киритилади;
 
  • шенген визасини сўровчи ҳар бир шахс маълумотлари бундан буён ягона базада сақланади. Шунда чегарачилар мигрантлар ҳужжатларини текширишда муаммоларга дуч келмайди;
 
  • ЕИ хавфсизлик ва чегара хизматлари ўз текширувларини амалга ошириш учун виза маълумотлар базасига содда йўл билан кира олишлари керак.
 
Виза тартибини ислоҳ қилиш жараёнида уни олишнинг бошланғич нархи 60 евродан 80 еврога кўтарилади.
 
“Озгина қимматлашса ҳам бизнинг визалар АҚШ ва Хитой визаларига нисбатан арзон бўлади”, дейди миграция масалалари бўйича комиссар Димитрис Аврамопулос.
 
Унинг сўзларига кўра, бу қарор турли мамлакатлардаги ЕИ виза бериш марказларида етарлича ходимларни сақлаб қолиш имконини беради.
 
ЕК тартибли саёҳатчилар учун виза муддатини аста-секин узайтириб боради. Яъни биринчи марта Шенгенга чиқиш учун ярим йиллик виза берилган бўлса, иккинчи мартада бир йиллик виза берилади.
 
Европа комиссияси шенген виза тизимини янгилашни 2015 ва 2016 йилда Париж ва Брюсселда юз берган портлашлардан кейин бошлаган эди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Европа Иттифоқи Шенген визаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!