Профессионал боксчилар Америка Қўшма Штатларида ўзларининг навбатдаги жангларини ўтказадилар.
Олимпия ўйинлари чемпиони Фазлиддин Ғойибназаров мезбон боксчи Кевин Жонсонга қарши рингга кўтарилади. Таққослаш учун Фазлиддин шу кунгача проф рингда тўртта жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган (2 тасида нокаут). Унинг рақиби эса бешта жанг ўтказиб, барчасида рақибларини мағлуб этган (4 тасида нокаут).
Жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари финалчиси Шаҳрам Ғиёсов мексикалик Даниэль Эчеверрияга қарши жанг ўтказади. Шаҳрам проф рингда 2 та жанг ўтказиб, уларнинг ҳар иккисида ғалаба қозонган (1та нокаут). Мексикалик боксчи эса 24 та жанг ўтказиб, уларнинг 19 тасида ғалаба қозонган (17 таси нокаут). 5 та жангда мағлубиятга учратган (2 таси нокаут).
Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати совриндори Муроджон Аҳмадалиевга эса аргентиналик Луис Фернандо Молина рақиблик қилади. Аҳмадалиев бунгача икки маротаба жанг ўтказиб, уларнинг иккаласида ҳам рақибларини нокаут эвазига мағлубиятга учратган. Молина эса 12 та жанг ўтказган. Шу жангларнинг 7 тасида у рақибларини мағлуб этган (2 тасида нокаут). 4 та жангда эса имкониятни бой берган. Битта жангда дуранг қайд этган.
Бугун ҳар уччала боксчи жанг олдидан вазн ўлчаш маросимларида иштирок этдилар.