Шаҳрам бугунгача боксда 6 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. 5 та баҳсни у муддатидан олдин якунлай олган.
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида мексикалик Мигель Замудиога қарши рингга тушиб, саккиз раундга мўлжалланган жангнинг биринчи раундидаёқ рақибини нокаутга учратиб, фаолиятидаги олтинчи ғалабани қўлга киритган эди.
Жангдан сўнг, Шаҳрам Ғиёсов Ўзбекистонга қайтди.
Шаҳрам Ғиёсов Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев томонидан “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда спортчининг ўзи ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида хабар қолдирди.
“Биз спортчиларнинг қилган меҳнатларимизни Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев илиқ кутиб олиб, кўкрак нишони билан тақдирладилар. Ўзбекистон байроғини бунданда юқори чўққиларга кўтаришга ваъда берамиз”, деб ёзади Шаҳрам Ғиёсов.
Шаҳрам бугунгача боксда 6 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. 5 та баҳсни у муддатидан олдин якунлай олган.
Мексикалик 27 ёшли Замудио эса профессионал боксда 54 маротаба жанг қилишга улгурган. Жангларнинг 41 тасида у ғалаба қозонган (25 таси нокаут эвазига). 12 та жангда эса мағлубият аламини тотиб кўрган (10 та нокаут). Яна битта жангда эса дурангга эришган.
Маълумот ўрнида, қарор билан тасдиқланган низомга асосан “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган спортчиларнинг мураббийлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатаётган жисмоний тарбия ва спорт соҳаси вакиллари тақдирланади.