Президент Шавкат Мирзиёев мактуби аввалида Хван Гё Ан ва бутун Жанубий Корея халқини самимий табриклади.
Президент Шавкат Мирзиёев мактуби аввалида Хван Гё Ан ва бутун Жанубий Корея халқини самимий табриклади.
“Бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилган мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар минг йиллик тарихга эга экани ва халқларимиз ўша даврлардаёқ Буюк ипак йўли орқали дипломатик, савдо ва маданий алоқаларни йўлга қўйганини юксак қадрлаймиз.
Айни пайтда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик анъаналарига асосланган алоқалар ҳар икки томоннинг сиёсий хоҳиш-иродаси туфайли мустаҳкам ва ўзаро манфаатли хусусият касб этди”, деб ёзади Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Жанубий Корея раҳбари ва халқига ҳурматини изҳор этар экан, катта иқтисодий, интеллектуал ва индустриал-техник салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатида муҳим ўрин тутаётган Корея Республикаси Ўзбекисон Республикаси давлат мустақиллигига эришгандан сўнг ўтган вақт мобайнида ишончли ва узоқ муддатли шериклардан бирига айланганини алоҳида эътироф этиб ўтди.
Бу борада сўз бораркан, “Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ҳамкорликнинг муҳим асосларини янада мустаҳкамлаш, олий даражадаги очиқ ва ишончли сиёсий мулоқотларни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар доирасида кенг ҳамкорлик қилиш ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ютуқларга эришганини мамнуният билан таъкидлашни истардим”, дейди давлат раҳбари.
Президенти Ўзбекистон Корея Республикасининг тинчликпарвар ва ҳар томонлама пухта ўйланган ташқи сиёсатини, Корея ярим оролида тинчлик, хавфсизликни таъминлаш, уни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини изчил қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.
Қолаверса, 2016 йил май ойида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Хван Гё Анга Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этганини мамнуният билан эслашини, ушбу мажмуани Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг самарали ҳамкорлигининг ёрқин рамзи ва кейинги бунданда йирик ва муҳим лойиҳалар учун андоза сифатида қабул қилишини таъкидлаган.
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Хван Гё Ан билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Ўзбекистон раҳбари мактубида телефондаги суҳбатни ёдга олиб, “Яқинда телефон орқали мулоқотимиз чоғида Корея Республикаси ҳукумати ва ишбилармон доиралари Ўзбекистон билан Жанубий Корея муносабатларини турли йўналишлар бўйича янада кенгайтириш, икки томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида янги имкониятларни ишга солишга тайёр эканига яна бир бор амин бўлганимни алоҳида таъкидламоқчиман”, деб ёзган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкам хусусида фикр билдириб, шундай дейди:
“Сизни яна бир бор ишонтириб айтаманки, шахсан мен ва Ўзбекистон ҳукумати Корея Республикаси билан савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдориман. 25 йил давомида айнан мана шу соҳаларда ҳамкорлигимиз муттасил ривожланди. Энергетика, кимё, тўқимачилик, автомобиль саноати, инфратузилма, транспорт, “электрон ҳукумат” ва телекоммуникациялар соҳасида ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли юқори технологик инвестиция лойиҳалари бунинг ёрқин тасдиғидир.
2016 йил Сеулда ўтказилган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмита мажлиси ва икки давлат молия вазирларининг учрашуви қатор истиқболли соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини мувофиқлаштириш имконини берди.
Маданий-гуманитар алоқалар ҳам жадал ривожланиб, халқларимиз ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида диққатга сазовордир. Жорий йилда саховатли Ўзбекистон заминида яшаётганининг 80 йиллигини нишонлайдиган корейс диаспораси мамлакатларимиз ўртасида дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва халқларимизни бир-бирига яқинлаштиришда алоҳида ўрин тутади”.
Шавкат Мирзиёев мактуби сўнггида Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасида йўлга қўйилган ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш мақсадида ишончли ва амалий мулоқот ҳамда ҳамкорлик бардавом бўлишига ишонишини айтиб, Хван Гё Анга мустаҳкам соғлик, улкан муваффақият, Корея Республикаси халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилаган.