Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этишимиз керак.
Ушбу тадбирда нутқ сўзлаган Президент, соҳада амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган ютуқларга ҳақида тўхталди ва “Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида, Ўзбекистонда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритаётганини таъкидлаб ўтди.
Мамлакатда охирги 20 йилда эътибордан четда қолган балиқчилик соҳасини тиклаш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташкил этилиб, унинг тизимига 3 минг 600 та балиқчилик хўжалиги киритилди. Жорий йилда 580 минг гектар табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлларда 100 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди”, дейди давлат раҳбари.
“Халқимизни энг кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулот турларидан бири бўлган картошка билан тўла таъминлаш учун йилига ўртача 50 минг тонна сифатли картошка уруғини етиштиришимиз талаб этилади. Бунинг учун Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этишимиз керак”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Таъкидлаш керакки, мамлакатда қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, экин майдонларини оптималлаштириш жараёнида озуқа экинлари майдонларини кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий аҳамиятга эга муҳим истеъмол товарлари билан тўлиқ ва арзон нархларда таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, поёнига етаётган қишлоқ хўжалиги йилида илк бор ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинлар жойлаштирилди. Қарийб бир миллион гектарга яқин ерларда парваришланган сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар, шунингдек, картошкадан мўл ҳосил олинди.
“Халқ сўзи” нашри хабарига кўра, бунинг амалий тасдиғини жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида такрорий экинлар ҳосилидан қарийб 65 минг тонна маҳсулот экспорт қилингани, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,4 баробар кўплигидан ҳам билиш мумкин эканлиги қайд этилган.