...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сенатнинг тўйлар ҳақидаги қарори Ўзбекистонда коррупцияга йўл очадими? Одамлар нима дейди?


19:13, 23.03.2018 Жамият
 23 126

Албатта, ҳамма бу қарорни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти, деб айтолмаймиз. Орзу-ҳавасларим нима бўлади, деб бошини чангаллаётганлар ҳам йўқ эмас.

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорни ва унга илова тарзида Низомни фуқаролар муҳокамасига тақдим этган эди.
 
Мазкур қарор имзоланса, у қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради. Натижа эса сизга яхши маълум! Тўйдаги меҳмонлар сони 150, ошдаги меҳмонлар сони эса 200 дан ошмаслиги керак.
 
Тўй-ҳашамлардаги дабдаба ва ортиқча сарф-харажатларни қисқартириш борасидаги қабул қилинажак Сенат қарори одамлар томонидан қандай кутиб олинмоқда? Халқ қандай фикрда?


 
Албатта, ҳамма бу қарорни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти, деб айтолмаймиз. Орзу-ҳавасларим нима бўлади, деб бошини чангаллаётганлар ҳам йўқ эмас. Биз эса одамларнинг фикр мулоҳазаларига қулоқ тутдик.
 
Тўйхона эгаларининг шоҳи борми?
 
Қарор ва Низом лойиҳаси бўйича айрим таклифларим бор. Жумладан, лойиҳада “Лицензияга эга бўлмаган жисмоний ва юридик шахсларга оилавий тадбирларда хизмат кўрсатишга йўл қўйилмайди” дейилган. Лекин, солиқ идораларига тўй ва маросимларда лицензиясиз хизмат кўрастган шахсларга нисбатан назорат тадбирларини кучайтириш ёки шунга оид топшириқлар берилмаган. Тўй ва оилавий тадбирларда (мотам маросимларидан ташқари) 150 кишигача, ошларда 200 кишигача иштирок этиши мумкин деб белгиланяпти-ку. Лекин нега тўйхоналарнинг сиғими 200 кишидан ошмаслиги белгиланмаяпти? Ушбу ҳолатларни ҳам инобатга олиш керак.
 
Шуҳрат Баймурадов
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Навбат араққа!
 
Спиртли ичимликларни тарқатишда уларнинг турлари бўйича чекловлар қўйилиши керак. Кўпгина кўнгилсизликлар айнан шулар оқибатида содир бўлаяпти.
 
Алишер Умаров
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Жарима, қамоқ...
 
Ҳар бир тўйга 150 нафардан ортиқ бўлмаган одам иштирок этиши учун, тартибни бузган фуқарога нисбатан Маъмурий суд тартибида энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 200 баробаригача (одам сонига нисбатан) жарима қўллаш;
 
Ҳудди шу ҳолат яна қайтарилган тақдирда энг кам иш ҳақининг 250 баробаридан 300 баробаригача жарима, ёки тартибни бузганлиги учун муайян қамоқ жазоси.
 
Тўйхона эгасига нисбатан Маъмурий суд тартибида энг кам иш ҳақининг 100 баробаридан 250 баробаригача


 
Ҳудди шу ҳолат яна қайтарилган тақдирда энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан 500 баробаригача жарима, ёки тартибни бузганлиги учун муайян қамоқ жазоси тайинлаш.
 
Ушбу қонун бузулиш ҳолатларидан ундирилган жарима маблағлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини, жамоатчилик комиссия вакиллари, аҳолинининг ночор қатламларини бир маротабалик моддий қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техник базасини мустахкамлаш ва шу каби тадбирларни амалга оширишга йўналтириш керак.
 
Шухрат Тенглашев
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Қарор билан коррупцияга йўл очилмоқда!
 
Қарорда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъул ҳисобланади”, дейилган.
 
Юқоридаги моддадан шуни тушуниш мумкинки, ушбу ташкилот вакиллари тўй-ҳашамларда бевосита иштирок этишлари талаб этилади. Бу эса ортиқча харажат ортиқча такаллуф ҳамда коррупция келиб чиқишига замин яратади. Туй янги карор асосида бўлди деган протокол учун тўй эгаси ёки туйхона эгаси юқоридаги ташкилот ходимларини моддий рағбат билан таъминлашига шароит яратилмоқда!
 
Бекзод Мўминов
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Ош вақтига тегманглар!
 
Ош бериш маросимлари вақтини 12:00 дан 15:00 гача белгиланган. Ош бериш вақтига наҳорги вақтни ҳам қўшиш, мақсадга мувофиқ. Миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик. Ушбу ибора ҳар ҳил талқин қилиниши мумкин. Масалан “чарлари”, “қуда чақирди” маросимлари айримлар учун миллий урф одат. Ушбу Қарорда қуйилган талабларни бажарилишини назорат қилишни ННТга юклаш керак эмас.
Абдумалик Назиров
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Меҳмонларнинг сони ошса...
 
Бозор иқтисоди шароитида ўзига тўқ, бой хонадонлар бўлиши табиий ҳол. Ҳайрия қилишга имкони бор инсонларнинг ҳаммаси ҳам ўз ихтиёри билан хайрия қилмайди. Тўйларга сарфланадиган маблағни камайтирган билан барибир бошқа исрофгарчиликларга сарфлашади. Балки тўйга, қарорда назарда тутилгандан ортиқча таклиф қилинган ҳар бир меҳмон учун ЭКИҲнинг фалон баробарича пулни маълум бир ҳайрия жамгармасига тўланиши, ушбу жамғармадаги пуллар ёрдамга муҳтож инсонларга берилиши назарда тутилган пункт киритилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди...
 
Азад Бекбаев
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Тўйхоналарга камера ўрнатилсин
 
Юқоридаги фойдаланувчилар фикрларига қўшиламан. Қарорда кўп нарса тақиқланяптию уни назорат қилиш қандай амалга оширилиши айтилмаяпти. Бизнинг халқимиз жуда андишали, атрофдагиларнинг юзидан ўтолмайди. Шу учун бу тўйларимиз яна эски тос, эски ҳаммомлигича колиб кетадигандек.
 
Таклифим назорат қилиш учун тўйхоналарга камералар ўрнатилиши керак(бир кечалик туйни пулига камера ўрнатиш мумкин) ва шартнома қилинган тўйлар видеоси махсус ваколатли органга юборилиши керак. Яна бир жиҳат, айниқса, вилоятлардаги туйхоналарда қўшиқ овози жуда баландлатиб қўйилади. Буни ҳам айтиб ўтиш керак, ёши катталаримиз учун муҳим.
 
Шунингдек, ҳозирда ёш болага ақиқа тўйи, бешик тўйи, суннат тўйи, юбилей кабиларни ҳам инобатга олиш керак.
 
Аслон Эргашев
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Саллани деса, каллани олиш керак эмас
 
Агар бир киши халол-покиза иш билан яхши пул орттирган бўлса, унга бу пулни ўз қариндошларига зиёфат бериш учун ишлатишига қаршилик қилиш учун бизнинг нима ҳақимиз бор? Бундан ташқари, Ўзбекистонда бошқа дин вакиллари хам яшайди, уларга ўз қоидаларимизни мажбурлаб ўтказиш тўғри эмас.
 
Амалдорларга нисбатан чекловлар жорий этилишига тўлиқ қўшиламан, лекин тижорат изидан пул ишлаб, солиқларни тўлаган кишиларга нисбатан айни ноинсофлик-ку бу? Саллани деса, каллани олиш керак эмас. Тўйларни кичикроқ қилиб ўтказишга ТАРҒИБ қилиш керак, тақиқлаш эмас.


 
Бу қонун қарор қилинса, дунёга шарманда бўламиз, хар бир ишни ақл билан қилиш керак. Кимга ёқади тўйига формадаги посбон келиб, қариндошларингизни санаши? Айнан коррупцияни ҳосил қилмайдими бунақа қонун?
 
Мен шахсан дабдабабозлик тарафдори эмасман, лекин яна қайтараман, бу ишни тарғибот-ташвиқот орқали қилиш керак.
 
Абдулла Бакоев
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Қарор лойиҳаси шошмашошарликда тайёрланган
 
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тайёрланаётган қарор ўз вақтида ижрога йўналтирилса, халқимизнинг турмуш шароитини яхшиланишига ва юртдошларимизнинг янгича фикрлашларига туртки бўлади, деган умиддаман. Бироқ қарор лойиҳаси ва унга илова қилинган Низом шошмашошарликда тайёрлангани сезилиб турибди, улардаги сўзлар умумий маъно касб этиб, аниқ талаблар ва уларнинг бажарилмаслиги учун аниқ чоралар кўрсатилмаган. Президентимизнинг нутқларидаги рақамлардан ташқари жўяли чегарага эга бўлган шартлар ишлатилмаган. Асосан Тошкент ва унга яқин ҳудудларда қўлланилаётган урф-одат ва маросимлар тилга олинган, холос. Қарор ва Низомда ўтказилиши рухсат этилган маросимларни (тўйлар, ўлим маросимлари ва ҳоказо) номи , тартиби ва вақтлари аниқ кўрсатилиши керак, қолганларини номма-ном келтирмасдан умуман тақиқлаш шарт, деб ҳисоблайман.
 
Улуғбек Исақов
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Ўлганнинг ортидан ош бериш шартми?
 
Қарорга вафот муносабати билан ош беришни тақиқлаш тўғрисида банд киритилиши лозим. Мусибат, кайғуга ботган оиланинг ушбу маросимни ўтказиши баъзида худди тўйга айланаётгандек. Афсуски, бундай ҳолатларни кўплаб кузатиш мумкин.
 
Олияхон Ҳошимова
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Жарима қўллаш керак!
 
Оилавий тадбирни ўтказувчига ушбу қарор талабларини лозим даражада бажармаганда, маъмурий жарималар қўлланилиши даркор. Чунки тўйхона, ресторан, кафелар буюртма қилинган ўринлар сонига қараб ҳисоб-китоб қилинишини ҳаммамиз яхши биламиз.
 
Тошкентбой Улжаев
 
*-*-*-*-*-*-*-*-*
 
Фақат шаҳар-шаҳарларвермай, қишлоққа ҳам қараб қўйинг
 
Қарор тастиқлангач, унинг ижросини таъминлашни қаттиқ назоратга олиш лозим. Тўйхоналарда эмас, чекка вилоятларнинг қишлоқ, овулларда ўтказиладиган тўй маросимларида ҳам бу қарор ижросини таъминлаш керак. Маълумки, ҳовлида, уйда ўтадиган тўйларда келадиган одамлар сони чекланмаган. Албатта, бу ҳам катта харажат ва масъулиятни талаб этади. Қишлоқ ҳудудларидаги тўйларда, айниқса, спиртли ичимликларни қаттиқ назорат остига олиш керак деб ўйлайман.
 
Комилжон Аслонов


 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори муҳокамаси жорий йилнинг 30 мартига қадар давом этади. Унда сиз ҳам иштирок этишингиз мумкин!

Теглар:Тўй 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар