...
МЕНЮ
ONLINE TV

Саудия Арабистони Ливаннинг Бош вазирини истеъфо беришга мажбурлади


09:52, 25.12.2017 Олам
 2 080

Қироллик хавфсизлиги хизмати ходимлари уни “туртиб, ҳақоратлашган” ва телефонини олиб қўйишиб, тансоқчиларсиз қолдиришган.

Ливан Бош вазири Саад Ҳарири 2017 йилнинг ноябрида ўз лавозимидан истеъфога чиқиши тўғрисида баёнот берган эди. У ушбу баёнотини Саудия Арабистони ҳокимиятининг кучли босими остида берган, деб таъкидламоқда The New York Times нашри. 
 
Нашр манбаларининг маълумотига кўра, Ҳарирининг Саудия Арабистонига ташрифининг иккинчи куни, кутилмаганда расмийлар билан учрашувга таклиф этилган. Қироллик хавфсизлиги хизмати ходимлари уни “туртиб, ҳақоратлашган” ва телефонини олиб қўйишиб, тансоқчиларсиз қолдиришган. Шундан кейин янада кучлироқ камситишган, яъни “олдиндан тайёрлаб қўйилган, унинг истеъфога чиқиши тўғрисидаги маъруза матнини беришган ва саудия телеканали орқали ўқишга мажбурлашган”, дейилади хабарда.
 
Бу мақолада ёзилишича, “Саад Ҳаририни Саудия Арабистониниг пойтахти Ар-Риёдга бир кун олдин алдаб чақириб олишган, унга нисбатан суверен давлатнинг етакчиси эмас, ўзларининг бир ходимидек муносабатда бўлишган ва истеъфога кетишга ҳамда Эронни айблашга мажбурлашган. Телевидениега чиқишидан олдин уйига бориб келишига рухсат беришмаган. У ўзининг қўриқчилари орқали костюмини келтиришга мажбур бўлган”.
 
Бундан кейин Саад Ҳаририни Саудия Арасбистонида уй қамоғига жойлаштириб, хотини ва фарзандлари билан кўришишига ҳам рухсат беришмаган. Бу орада бир қанча ғарб давлатлари дипломатлари уни кўришгани боришган ва Ливан Бош вазири учрашганларида саудиялик қўриқчилар улар билан бир хонада бўлишган. Кейинчалик Ҳарири қиролликдан чиқиб кетишга муваффақ бўлган.
 
Нашрнинг маълум қилишича, юқорида келтирилган ишларнинг ташаббускори Саудия Арабистони подшоҳлигининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бўлган. У бу иши билан “Эроннинг ҳудуддаги даъвосини чеклашга” ҳаракат қилган. Валиаҳднинг фикрича, Ҳарири “ўзининг саудиялик ҳимоячиларига ҳар доим ҳам қулоқ солмаган”. Мақолада келтирилишича, “Валиаҳд бу билан, Эроннинг Ливандаги энг асосий иттифоқчиси ҳисобланган шиаларнинг “Ҳизбаллоҳ” ҳаракатини кучсизлантириш вақти келгани тўғрисида хабар бермоқчи бўлган”.
 
Расмий Ар-Риёд Ҳарирининг эронлик сиёсатчи билан учрашганидан ҳамда Ливанда “Ҳизбаллоҳ” ҳаракатининг таъсири кучайиб ктаётганида норози бўлган.
 
The New York Times нашрининг қайд қилишича, валиаҳднинг режалари амалга ошмади, чунки, “Ҳарири ўз лавозимини сақлаб қолди ва “Ҳизбаллоҳ” ҳаракати янада кучайиб кетди”. Нашрнинг берган баҳосига кўра, “Саудия Арабистонининг қатъий ва ноқулай усуллари энг ишончли ҳамкорларининг ундан узоқлашишишга сабаб бўлмоқда”. АҚШ, Қувайт, Иордания, Миср ва Ҳарирининг Ливандаги тарафдорлари шулар жумласидан. 
 
Мақолада қайд этилишича, “Таҳлилчилар ва расмийларнинг фикрига кўра, Саудия Арабистони баъзи бир масалаларда Ливаннингён беришига эришиши мумкин, лекин Ливаннинг ён бериши бундай дипломатик бўҳронлар эвазига бўлмаслиги керак”.
 
Нашрнинг ғарб ва араб давлатларидаги манбаларининг фикрига кўра, “саудия бундай фитналар билан нимага эришмоқчи бўлганини тушунмаяптилар”. Баъзи бирларининг фикрига кўра, “Саудия Аарабистони бундай хатти-ҳаракати билан Ливаннинг ичида тартибсизликлар келтириб чиқариш ва ҳаттоки, уруш бошланиб кетишига уринмоқчи бўлган”, деб таъкидланади мақолада.
 
Нашрнинг маълум қилишича, Ҳарирининг вакиллари бу воқеаларга изоҳ беришни хоҳлашмаган. Саудия Аарабистони расмийлари эса, Ливаннинг Бош вазирига “самимий ҳурматда бўлингани” тўғрисида баёнот беришган.
 
Жорий йилнинг 3 ноябрида Ҳарири Саудия Арабистонига ишчи ташриф билан йўл олган эди. Ташрифнинг иккинчи куни саудия арабистони телевидениеси орқали чиқиш қилиб, ўзининг ҳаётига хавф туғилгани учун истеъфога чиқишини билдирган. 12 ноябрда агар “Ливан ҳукуматининг минтақадаги можаролардан бирдек бетарафликда туриш тамойили сақланиб қолса” истеъфосини бекор қилиши тўғрисида хабар берганди. Ҳарири Ливанга қайтиб келганидан сўнг, истеъфога чиқиш тўғрисидаги қарорини рад қилиб, республика ҳукуматини бошқаришини эълон қилган эди. 
Обил Сафаров

Теглар:Ливан Саудия Арабистони Ҳизбаллоҳ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!