Абдулазиз Али Шайх эронликлар зардуштийлик динига сиғинганларнинг авлоди эканлигини таъкидлаб ўтди.
Бир кун олдин Эроннинг диний раҳнамоси оятулло Али Ҳаманеи Саудия Арабистони ҳукумати ўтган йили Маккадаги ҳаж амали пайтида зич ҳаракатланаётган оломон тўқнашувидан сўнг, тирик қолган мусулмон уламоларини “ўлдиргани” ҳақида айтган эди. Саудия Арабистони бош муфтийси оятуллога жавоб тариқасида бугун юқоридаги фикрни билдирди.
Абдулазиз Али Шайх Эрон томонидан айтиладиган бундай гаплар уни ҳайратга солмаслигини, чунки эронликлар зардуштийлик динига сиғинувчиларнинг авлоди эканлиги ва шунинг учун “мусулмон эмаслигини” таъкидлаб ўтди.
2015 йилнинг сентябрь ойида Маккада бир-бирига қарама-қарши келаётган зич оломон тўқнашиб кетиши натижасида 2426 киши ҳалок бўлди. Теҳрон қурбонлар орасида 464 нафар эронлик зиёратчилар борлиги ҳақида маълум қилган эди.