Метродаги яна бир бомба нега портламай қолгани маълум бўлди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг ўта муҳим текширувлар бўйича бошқарма бошлиғининг ўринбосари Сергей Голкиннинг сўзларига кўра, бомба ясалишидаги хатолик сабаб ишламай қолган.
2017 йил 3 апрель куни Санкт-Петербург метросининг “Сенная площадь” ва “Технологический институт-2” станциялари орасида кучли портлаш рўй берганди. Ҳодисада ҳудкуш террорчи Акбаржон Жалилов билан 16 киши ҳалок бўлган. Ўшанда “Площадь Восстания” бекатида қўлбола бомба аниқланиб, яна бир портлашнинг олди олинган.
Голкиннинг сўзларига кўра, Жалилов биринчи бомбани бекатга қўйиб, уни масофадан портлатгач, ўзини ҳам портлатмоқчи бўлган.
“Мутахассислар биринчи бомба ясалишидаги хатолик сабаб ишламаган деб ҳисоблаяптилар. Жалилов ускунани қолдирган жойига қайтиб, уни ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари топганини кўргач, поездга чиқиб, бекатлар орасида ўзини портлатган”, дейди Голкин.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил апрелдаги терактга алоқадорликда гумон қилинган 6 киши ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлган.