Мақбаранинг асл номини тиклаб, одамларга унинг қурилиш тарихи билан боғлиқ ҳақиқатни етказиш фурсати етмадимикан?
Юртимиздаги кўплаб жой номларининг ўша ҳудуд иқлим шароити, аҳолининг хўжалик фаолияти, шунингдек, тарихий воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқлиги барчамизга маълум.
Собиқ Иттифоқ даврида миллий маънавиятимизнинг муҳим қисми бўлган жой номларига асоссиз равишда бошқа тиллардаги сўзларни аралаштириш ёки уларни ўзбек халқининг менталитетига ёт бўлган номлар билан аташ авж олган эди.
Оқибатда, баъзи қадимий номлар бутунлай йўқолиб, уларнинг ўрнига маҳалла ва кўчаларимиз ажнабий номлар билан аталган.
Шаҳримиздаги Ашратхона тарихий ёдгорлиги ана шулардан бири бўлиб, бир неча йиллардан буён унинг номи турли мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда.
Қайд этилишича, “Ашратхона” арабча ва форсча бўлиб, “ўнта хона” маъносини англатар экан.
Йиллар ўтиб, оддий халқ айтилиши анча қийин бўлган “Ашратхона”ни ўзларининг талаффузи учун осон “Ишратхона” сўзи билан алмаштириб, мақбарани шу ном билан атай бошлаган.
Инқилобдан кейин эса баъзи олимлар тарихий ҳужжатларни ўрганиш, обиданинг асл номини қайта тиклаш ўрнига уни кескин қоралаган. Яъни, бунда уларга “Ишратхона” номи жуда қўл келган ва “Бу бино айш-ишрат билан шуғулланиш учун қурдирилган”, деган нохолис талқин вужудга келган.
Бундай кўр-кўрона ёндашув оқибатида ёдгорлик эътиборсиз, қаровсиз қолган.
Маълумотларга кўра, аслида бу ноёб меъморий обида ҳеч қандай ишратхона бўлмаган. Ўзига хос ечим ва шарқона усулда қад ростлаган бу иншоотни темурийлар даври Самарқанд ҳокими, темурийзода Султон Абусаиднинг хотини Ҳабиба Султонбека ҳаётдан бевақт кўз юмган қизи Соҳиб Давлатбека хотирасига қурдирган.
1926 йилда мазкур иншоотда ўрганишлар олиб борган ва бино остидаги сағанани очиб кўрган археолог В. Вяткин ҳам бу ерда 9-10 яшар қиз бола суяклари борлигини тасдиқлаган.
Демак, айрим шахсларнинг нотўғри талқини ва қарашлари туфайли одамларда акс таассурот уйғотган бу тарихий бино онанинг фарзандига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатининг амалдаги ёрқин ифодаси бўлиб, улкан тарбиявий аҳамиятга эгадир. Шу боис, мақбаранинг асл номини тиклаб, одамларга унинг қурилиш тарихи билан боғлиқ ҳақиқатни етказиш фурсати етмадимикан?
ЎЗМТДП шаҳар кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси