Энди 200 дан ортиқ китобларнинг электрон шаклини мобил қурилмаларга бемалол юклаб олиш мумкин.
ЎзА хабарига кўра, Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази томонидан Самарқанд шаҳридаги автобус ва трамвай бекатларида “Мобил кутубхона” ташкил этилган.
Ушбу ишларда кўзланган мақсад ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш экани таъкидланди. Жорий этилган виртуал кутубхонадан йўловчилар ўз смартфони орқали китобларнинг электрон нусхасини QR-код орқали бепул юклаб олиши мумкин.
Шаҳардаги бекатларга миллий ва жаҳон адабиётининг 200 дан ортиқ нодир китоби муқоваси сурати ва QR-коди жойлаштирилган. Йўловчилар ушбу кодни сканерлаб, электрон китобни, шунингдек, унинг аудиоёзувли вариантини телефони хотирасига бепул юклаб олишлари мумкин бўлади.