Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова сайтимизнинг танқидига нисбатан ўз муносабатини билдириб, хафа эмаслигини айтди.
Саида Раметова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
— Танқид – келажакнинг меваси, деб бежизга айтишмайди. Мен танқиддан асло хафа бўлмайман. Чунки ОАВда сени танқид қилганларида, одамларнинг сен ҳақингдаги асл фикрини билиб олиш мумкин бўлар экан. Неча йиллик ҳаётий ва ижодий тажрибам давомида “Qalampir.uz” сайти туфайли мана шуни тушуниб етдим.
Сайтда менинг иштирокимдаги танқидий мақола чоп этилганидан кейин, мухлисларим мен ўйлаганданда кўпроқ эканига амин бўлдим. Бошқача қилиб айтганда, танқид ҳам реклама ўрнини босар экан. Мен билан боғланиб, кўнгил сўраганлар жуда кўп бўлди.
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда исталган инсон ҳақида видеолавҳаларни топиш ва ушбу тасвирларга танқидий муносабат билдириш мумкин. Бироқ, ҳар қачон мақола ёзишдан аввал мавзуни яхшилаб ўрганиб, асос билан ёзишингизни, ҳаммагга нисбатан адолатли бўлишингизни, истардим.
Аслида танқидий сайтлар, газеталар, кўрсатувлар жуда кам. Qalampir.uz сайти улар ичида энг кучлиси бўлишини тилаган бўлардим. Ишларингизга омад тилайман.